Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасидаги лойиҳалар билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни қурилиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайди. Айниқса, кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолининг энг муҳим талаби қондирилмоқда. Хусусан, жорий йилда қишлоқларда 12 мингдан зиёд, шаҳарларда 18 мингдан ортиқ кўп қаватли турар жой барпо этилмоқда.
Сардоба сув омборидаги ҳодисадан кейин Сардоба ҳамда Мирзаобод туманларида қисқа муддатда 86 та беш қаватли уй қуриб битказилди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ушбу тажрибадан фойдаланиб, лойиҳаларни такомиллаштириш, турар жойларни аҳоли учун янада арзон қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шунга мувофиқ, беш қаватли уйлар лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, хонадонларнинг жойлашуви ва хоналарнинг ички майдони мақбуллаштирилди. Қурилиш материаллари лойиҳага мос ўлчамда ишлаб чиқарилади, исроф бўлмайди. Ҳовли ва йўлакларга сенсорли электр чироқлари қўйилади.
Бу каби тежамкор чоралар натижасида уйларнинг нархи ўртача 30 фоизгача арзонлашади.
Президентимиз ушбу лойиҳани маъқуллаб, бундай турар жойларни аҳоли зич жойлашган барча туманларда қуриш зарурлигини таъкидлади.
Яна бир лойиҳа Тошкент давлат техника университети ҳудудида замонавий ўқув-амалий комплекси барпо этишга қаратилган.
Дунё тажрибасидан маълумки, кўплаб машҳур илмий муассасалар университетлар ичида жойлашган. Режалаштирилаётган мажмуа ҳам шу ҳудуддаги Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Турин политехника университетидаги жами 36 минг талаба, 2 мингдан зиёд профессор-ўқитувчилар учун шундай марказ бўлиши кўзда тутилмоқда. Бу ерда бир пайтда 500 та стартап резидентлари, 120 та ишлаб чиқариш корхонасини жойлаштириш мумкин бўлади.
Тошкент шаҳрида аҳолини арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга сафар чоғида Нукус шаҳрини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Шу мақсадда шаҳарнинг истиқболдаги замонавий марказини барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, кўчаларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш, кўллар ва истироҳат боғлари ташкил этиш, савдо ва маиший хизматларни кўпайтириш назарда тутилган.
Президентимиз ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларни такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter