Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Режеп Тоййиб Эрдўғонни таваллуди билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Режеп Тоййиб Эрдўғонни таваллуди билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

26 февраль куни президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси президенти Режеп Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти қилиб, уни 65 ёшлик таваллуди билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этганлар.

Мамлакатлар ўртасида 2018 йил якунларига кўра товар айирбошлаш 40 фоизга ошди. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида инвестиция ва инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, туризм ва бошқа соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия инвестициялари иштирокида 655 қўшма корхона фаолият юритмоқда, шундан 270 таси ўтган йили ташкил этилди.

Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда, туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Кейинги бир йилда мамлакатимизга ташриф буюрган туркиялик сайёҳлар сони 2 баробар кўпайди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.

Мулоқот сўнгида Президентлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг