Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокор: «20-30 ёшли йигитларнинг кўзини олиб ташлашга тўғри келди»

Шифокор: «20-30 ёшли йигитларнинг кўзини олиб ташлашга тўғри келди»

Ливанда 17 сентябрь куни рўй берган пейжерлар ҳамда бошқа электроника буюмларининг портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 нафарга етди.

Портлашларда 3000 га яқин киши турли даражада жароҳатланган. Улар орасида кўриш қобилиятини йўқотганлар кўп экани айтилмоқда.

Ливанлик шифокорлар ҳолатни «даҳшатли» деб баҳоламоқда.

«Ярим асрлик фаолиятим мобайнида бу қадар кўп беморнинг кўзини олиб ташлашга мажбур бўлмаган эдим. Беморларнинг асосий қисми 20-30 ёш атрофидаги йигитлар. Айримларининг ҳар икки кўзини олиб ташлашга тўғри келди», – дейди Байрутдаги «Маунт Ливан» Университет шифохонаси кўз шифокори,  профессор Элиас Варрак.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк пейжерлар портлаши оқибатида 8 ёшли қизча ва 11 ёшли бола нобуд бўлганини тасдиқлади.

8 ёшли Фотима Абдуллоҳ пейжер жиринглаган пайтда уни отасига олиб бормоқчи бўлган, аммо электрон жиҳоз кутилмаганда портлаб қизалоқнинг умрига зомин бўлган.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари 17 сентябрь кунги портлашлар Исроил махсус хизмати – «Моссад» томонидан амалга оширилган махфий амалиёт экани ҳақида ёзди.

Яқин Шарқдаги ҳодисаларни ёритишга ихтисослашган «Al Monitor» нашрининг ёзишича, Исроил махсус хизмати «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Тайвань ширкатидан сотиб олган пейжерларни маҳсулот буюртмачига етиб боргунга қадар бўлган жараёнда миналаштиришга муваффақ бўлган.

«Ҳизбуллоҳ» Исроилдан қасос олинишини эълон қилган.

Россия Ливандаги пейжерларнинг портлатилиши оқибатида минглаб одамлар жароҳатланганини терроризм ва гибрид уруши акти сифатида кескин қоралаган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг