«Шоҳнома»: йигирма беш йил ёзилган асар
Кўпчилик абадий шон-шуҳрат қозонган айрим инсонларнинг ҳаёти чексиз ғам-кулфатлару адоқсиз дард-армонларга қоришиб кетганини билмайди. Биз ҳикоя қилишни лозим топган машҳур мутафаккирлардан бири – форс-тожик шоири Абулқосим Фирдавсий худди шундай аллома эди. Унинг ҳаёти армонларга тўла бўлган.
Абулқосим Фирдавсий тахминан 934 йили ҳозир харобалари Машҳаддан йигирма беш чақиримча шимолда жойлашган Тусда туғилган. Бу музофот Хуросон остонидаги Нишопурдан ўн фарсанг, яъни 60 километрча йироқ бўлиб, Табарон ва Нуқон туманларидан иборат эди.
Фирдавсий болалигиданоқ шеърлар ёзди. Турли мадрасаларда таҳсил олиб, замонасининг деярли барча асосий илмларини пухта эгаллади. Эрон, Турон, Юнон ва Ҳиндистон олимларининг турли соҳаларга оид асарларини ўрганиб, араб ва паҳлавий тилларини мукаммал ўзлаштирди. Натижада ўз даврининг қомусий олими даражасига кўтарилиб, ҳаким деган улуғ мақомга сазовор бўлди. Шунга қарамай, у киндик қони томган Бож қишлоғида отасидан қолган ерда деҳқончилик қилиб кун кечирди. Даромади дурустлиги боис ўзгалар марҳаматига зориқмаган. Айрим манбаларга кўра, узоқ йиллар сарбозлик хизматида ҳам бўлган.
Ҳа, айтганча, Фирдавсийнинг навқиронлик йиллари Эрон ва Турон давлатларининг ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий ҳаётида кескин юксалиш кузатилган даврга тўғри келди. Бу мамлакатлар халқлари фурсатдан фойдаланиб, ўзликларини англаш ва бошқаларни ҳам ундан бохабар этиш, шонли кечмиши ва буюклиги бўйича араблардан кам эмас, аксинча, устун эканликларини исботлаш учун она юртлари тарихини тиклашга интилдилар. Айни мақсадда қадимий афсона-ривоятларни, буюк подшолар ва баҳодирларга тааллуқли маълумотларни тўплаб, қоғозга туширдилар. Бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларни ўша кезлар Мовароуннаҳр ва Хуросонни бошқарган сомоний ҳукмдорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар. Жамланган бебаҳо манбаларни назмга солишни эса Абу Мансур Дақиқийга ишониб топширдилар. Бироқ шоир эндигина минг байтдан ортиқроқ ижод килганида, аниқроғи, 980 йили қўққисдан вафот этди.
Шундан сўнг сомонийлар сулоласининг саккизинчи вакили – Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур эллик олти ёшли Абулқосим Фирдавсийга «Шоҳнома»ни давом эттиришни буюрди. Гўдаклигидан умрбоқий миф-асотирлар, қаҳрамонлик қиссалари ва жангномаларни тинглаб улғайган шоир бажонидил ишга киришди. У халқ орасида юриб, талай оғзаки ва ёзма манбаларни йиғди. Қолаверса, шоирнинг ягона қизидан бўлак зурриёти йўқ эди. Шул боис, «Шоҳнома»га қўл ураркан, китобга берилажак ҳадя ҳисобидан кўзининг оқу қораси учун сеп ҳозирлашга аҳд қилганди.
Қисқаси, Фирдавсий Эрон ва Турон халқларининг қарийб тўрт минг йиллик тарихи юксак маҳорат билан тасвирланган, ўзида юздан ортиқ достонни мужассам этган, жами 60 минг байтдан иборат «Шоҳнома» устида йигирма беш йил (баъзи манбаларда ўттиз йилдан ортиқ дейилган) тер тўкди. Асарни қоғозга туширишда унга Али Дайлам котиб, Абу Дўлаф ровий сифатида кўмаклашди. Тус ҳокими Ҳуйаййи Қутайба эса шоирни барча солиқлардан озод этди.
Асар битгач, Али Дайлам уни етти жилд қилиб кўчиради. Фирдавсий Абу Дўлафни ёнига олиб, Ғазна шаҳри сари отланади. Сабаби, бу пайтга келиб, Хуросон, Шимолий Ҳиндистон ҳамда қисман Мовароуннаҳр ва Хоразмда ҳукмронлик қилган туркий сулола – ғазнавийлар давлатининг мавқеи ошган эди. Унинг шуҳратини юксак поғонага кўтарган султон Маҳмуд эса 998 йили ўзини сомонийлардан мустақил деб эълон қилган ва халифа Қодирга хутба ўқиттириб, Яминуддавла (Давлат таянчи) лақабини олган эди. Мамлакат пойтахти, одатдагидек, Ғазна шаҳри ҳисобланарди.
Адиб ва адабиётшунос олим Низомий Арузий ибн Самарқандийнинг «Нодир ҳикоятлар» асарида айнан ўша кезларда рўй берган «Шоҳнома»га дахлдор можаролар батафсил баён қилинган. Унинг мухтасар тафсилоти қуйидагича.
Фирдавсий катта илинжлар оғушида Ғазнага қадам қўйгач, улуғ хожа Аҳмади Ҳасан Котиб орқали Маҳмуд Ғазнавий қабулига кириш учун рухсат сўрайди. Султоннинг хожага мойиллиги бор эди. Аммо хожанинг душманлари ҳам кўп бўлиб, доимо унинг обрўйи қадаҳига иғво тупроғини сочардилар. Султон Маҳмуд ўша ғаним жамоат билан кенгашиб, Фирдавсийга хизматлари эвазига нима бериш жоизлигини сўраганида, улар Алининг аламини Валидан олишди. «Эллик минг дирҳам! Аслида буям кўплик қилади, негаки, Абулқосим муътазилий мазҳаб ва рофизий (яъни, шиа мазҳабидаги киши)дир», дейишди. Сўзларининг исботи ўлароқ, «Шоҳнома»нинг ўзидан мисоллар келтиришди.
Султон Маҳмуд мутаассиблардан эди. Шунданми, қуруқ бўҳтонга ишониб, Фирдавсийга атиги йигирма минг дирҳам кумуш пул ажратди. Табиийки, бундан кекса шоирнинг кўнгли жуда қаттиқ ранжиди. Алами зўрлигидан ўзига аталган пулларни дардига шерик бўлган бўзагир ва ҳаммомчига тақсимлаб берди-да, султоннинг ғазабидан қўрқиб, тунда Ғазнани тарк этди. Шу кетганича ҳиротлик таниши Исмоил Варроҳнинг дўконига бориб тушди. Султоннинг одамлари излаб, Тусга келиб кетгунларига қадар олти ой унинг уйида яшириниб ётди. Хавф аригач, юртига ошиқди. «Шоҳнома»га юз байт муқаддима қўшиб, унда Маҳмудни аёвсиз ҳажв қилди. Алҳол, асл насли 225-651 йилларда Эронда ҳукм сурган сосонийлар авлодининг сўнгги вакили Яздигард III га бориб тақалувчи Бованд сулоласидан бўлмиш Табаристон ҳукмдори Шаҳриёр ҳузурига борди. Ҳажвияни унга ўқиб бериб, «Мен бу китобни Маҳмудга эмас, сенга бағишлайман, чунки ундаги ҳикоя ва ривоятлар сенинг боболаринг ҳақидадир!» деди.
Шаҳриёр Фирдавсийга кўп ва хўп меҳрибонликлар кўрсатди. Шу асно «Эй устод! Ғанимлар Маҳмудга китобингни бузиб кўрсатиб, сенга туҳмат қилишган! Қолаверса, сен, ҳақиқатан, шиа мазҳабидасан, кимки пайғамбар авлодига меҳр қўйган бўлса, унинг авлодлари етолмагани каби бундай одам ҳам дунё ишларида ўз мақсадига эришолмайди!» дея юпатди. Охирида «Ҳар не бўлганда ҳам, Маҳмуд менинг ҳукмдорим. Китобни унинг номида қолдиравер. Ҳажвияни эса бер, уни йиртиб ташлай, эвазига бирор нарса бераман. Ҳали кўрасан, Маҳмуд сени албатта чақиртириб, рози қилади, китоб учун чеккан заҳматларинг зое кетмайди!» деб далда берди. Бошқа сафар «Ҳар байтингга минг дирҳамдан тўлаяпман, ўша ҳажвни менга юбор ва кўнглингни Маҳмудга нисбатан гинадан пок қил!» деган сўзлар битилган нома ва унга қўшиб юз минг дирҳам юборди.
Фирдавсий унинг раъйига қарши чиқолмади, байтларини жўнатди. Шаҳриёр уларни йўқотишни буюрди. Фирдавсий ҳам қораламаси аслини йиртиб ташлади. Шу зайл Маҳмуд Ғазнавийга бағишланган ҳажвия бутунлай маҳв этилди.
Яхши ниятга фаришталар омин деган экан, мавриди келиб, Шаҳриёрнинг башоратлари рўёбга чиқди. Ҳиндистондан Ғазнага қайтаётган султон Маҳмуд йўлда тушиб ўтишни мўлжаллаган қалъага бир исёнчи беркиниб олган экан. Маҳмуд унга «Эртага ҳадялар билан ҳузуримизга кел, қабулимизга ноил бўлиб, хизматимизни қил, инъом либосини кийиб, яна қайтиб кетасан!» деб, элчи юборди. Исёнчи шартга бўйсунмагач, хожа Аҳмади Ҳасандан нима қилиши зарурлиги юзасидан маслаҳат сўради. Шунда хожа «Муродимга лойиқ бўлмаса жавоб, Мену гурзи, майдон ва Афросиёб!» деган байтни ўқиди.
Маҳмуд кишини мардликка ундовчи бу байт кимники эканлигига қизиқди. Хожа темирни иссиғида босиб, «Бечора Абулқосим Фирдавсийники! У йигирма беш йил ранж тортиб, «Шоҳнома»ни ёзди-ю, самарасини кўрмади», деди. Султон бу гапни эшитиб, чуқур ўйга толди. Кейин «Ҳақиқатни эслатганинг яхши бўлди. Ул олижаноб зотни ҳақдан беҳуда маҳрум этганимдан ўзим ҳам хижолатда эдим!» дея афсусланди. Ғазнага келгач, «Фирдавсийга йигирма минг динор ҳақ ажратилсин. Уни менинг туяларимда Тусга олиб боришсин ва узр сўрашсин!» деди. Бундай кунлар келишини узоқ йиллар орзиқиб кутган Аҳмади Ҳасан фармони олийни аъло даражада адо этди. Юборилган ҳадя 1030 йили Табаронга беталафот етиб келди. Аммо...
Минг таассуфларки, омонатлар эгасига насиб этмади. Чунки айнан ўша куни Фирдавсий бандаликни бажо келтирганди. Ҳадя юкланган туялар Рудбор дарвозасидан кириб келаётган дамларда алломанинг жасадини Разон дарвозасидан олиб чиқишаётганди. Дард устига чипқон деганларидай, шу пайтда бир руҳоний «Фирдавсий рофизий эди. Унинг мурдаси мусулмонлар қабристонига қўйилиши мумкин эмас!» дея жанжал кўтарди. Охир-оқибат шоирни отамерос боғнинг бир чеккасига дафн қилдилар. Сўнгра ҳадяни қизига топширмоқчи бўлдилар. У «Мен бунга муҳтож эмасман!» дея бойликдан воз кечди.
Бу воқеалардан огоҳ топган Маҳмуд Ғазнавий мулозимлари орқали ўжар руҳонийдан Табарондан чиқиб кетишни талаб қилди. Ҳадяни эса Тус чегарасидаги Нишопур ва Марвга кетадиган йўл бошида Работи Чоҳа масжидини қуриш учун ишлатишни буюрди. Фармон ижроси таъминланди, кўп ўтмай масжид қад ростлади. Бироқ бу пайтда чорак асрлик заҳматлари роҳатини кўролмай, дунёдан армон билан кўз юмган Абулқосим Фирдавсийнинг қабр тупроғи аллақачон совиган эди...
Абдунаби Ҳайдаров


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter