Швейцарияда энг кам иш ҳақи ўзгарди — дунёда энг юқори
Швейцариянинг Женева кантонида дунёдаги энг юқори энг кам иш ҳақи миқдори белгиланди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.
Ўтган дам олиш кунлари ўтказилган референдумда қатнашган фуқаролар бир соат учун энг кам иш ҳақи солиқларсиз 23 швейцар франки (21 евро атрофида) этиб белгиланишига овоз беришди.
Швейцарияда стандарт иш ҳафтаси узунлиги — 42 соат. Демак, энг кам ойлик маош, солиқларни ҳисобга олмаганда, 4000 евро атрофида бўлади.
Маошларнинг оширилиши 30 минг кишини (уларнинг учдан икки қисми аёллар) қамраб олиши кутиляпти.
Албатта, иш берувчиларнинг барчаси ҳам ўзгаришлардан мамнун эмас, негаки, коронавирус пандемияси сабабли молиявий аҳвол чатоқ.
Солиштириш учун: Люксембургда энг кам иш ҳақи солиқларсиз — 2142 евро, Францияда — 1539 евро (қўлга тегадигани — 1219 евро).
Шуни ҳам ҳисобга олиш керак, Швейцария, хусусан, Женевада нархлар жуда қиммат. Масалан, бир ойлик хонадон ижараси 2 минг франк атрофида, тиббий суғурта ҳам ўта қиммат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter