Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сингапур йўлланмаси учун кураш бошланди — «Startup Weekend Women Tashkent 2019»

Сингапур йўлланмаси учун кураш бошланди — «Startup Weekend Women Tashkent 2019»

Фото: «Inha.uz»

Кеча, 27 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида «Startup Weekend Women Tashkent 2019»га старт берилди.

«Startup Weekend» лойиҳаси доирасидаги «Startup Weekend Women Tashkent 2019» 27—29 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Турли соҳалардан мутахассисларни бирлаштирувчи ушбу лойиҳада бутун Ўзбекистондан фаол ва аниқ мақсадли қизлар қатнашмоқда.

Келаётган дам олиш кунлари тадбир иштирокчиларини ҳақиқий иш жараёни кутиб турибди!

«Startup Weekend»нинг асосий мақсади — ўз бизнесини очмоқчи бўлган қизларни қўллаб-қувватлаш, улар лойиҳаларини бошлаши керак бўлган таргет бозори билан таништиришдир.

«Startup Weekend» тадбирида бизнеснинг турли соҳаларидаги кўплаб экспертлар ва инвесторлар, IT-мутахассислар, маркетологлар, муваффақиятли стартапчилар иштирок этишмоқда ва уларнинг барчаси ўз тажрибаларини ўртоқлашишга тайёр.

«Startup Weekend» дам олиш кунлари 67 мамлакатнинг 200 дан ортиқ шаҳарларида ўтказилади. Унинг битирувчиларини дунё бўйлаб сармоядорлар диққат билан кузатмоқдалар. Ўтган йил давомида «Startup Weekend» орқали амалга оширилган лойиҳаларни молиялаштириш учун учинчи томон $ 30 миллиондан кўпроқ маблағ ажратди.

2018-2019 йилларда Ўзбекистонда 200 дан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирган иккита «Startup Weekend» лойиҳаси бўлиб ўтган ва унутилмас онларни тақдим этганди.

Бу йил иштирокчиларга муваффақиятли бизнесменлар ва турли компанияларнинг мутахассисларидан асосий бизнес назарияларини ўрганиш, жамоаларни йиғиш ва ўзига хос бизнес ғояларини яратиш, ўз бизнес режаларини топиш, тўлиқ ишлайдиган стартапни намойиш этиш ва совғаларни ютиб олиш учун ноёб имконият берилади.

Ҳар бир иштирокчи 54 соат мобайнида бизнес муҳитини ва лойиҳани амалга ошириш жараёнини бошдан кечиради. Биринчи кунда иштирокчилар ўзларининг ғояларини тақдим этишлари учун бир дақиқа ажратилади, ана шу қисқа вақт ичида муваффақиятли, ишончни қозона олганлари кейинги ривожлантириш учун танлаб олинади.

Танловнинг иккинчи куни янги ташкил этилган жамоалар потенциал мижозлар ва мураббийлар билан кўплаб суҳбатлар ўтказади, бу эса уларга ўз бизнес лойиҳаларини идеал даражага кўтариш имконини беради. Учинчи кун — синов, ҳакамларга тайёр стартапни тақдим этиш ва кучли учликка киришга ҳаракат қилиш кунидир.

Энг яхши жамоа Сингапурдаги «Startup Weekend» халқаро анжуманига йўлланмани қўлга киритади.


Ташкилотчилар: Digital Generation, Мирзо Улуғбек Инновация маркази, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалар иттифоқи.

Ҳомийлар: UzCard, C-Space Coworking маркази, Ucell

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг