Соғайганлардан олинган қон плазмаси коронавирус ёмонлашувининг олдини ололмайди — ҳиндистонлик олимлар
Коронавирусдан соғайганлардан олинган қон плазмаси COVID-19 беморлари ҳолати ёмонлашувининг олдини олишда ёрдам беролмайди. «BMJ» илмий журналида ёритилган тадқиқот ҳақида «РИА Новости» хабар берди.
Ҳиндистонлик олимлар мамлакатнинг 39 та шифохонасидаги «коронавируси ўртача даражадаги» 464 нафар ёши катта беморнинг ҳолатини таҳлил қилиб чиқишди.
Беморларнинг қарийб ярмига (235 нафар) стандарт даво чоралари қаторида соғайганлардан олинган плазмалар қуйилган, қолган беморлар одатдагича даволанган. Якунда ўпкани сунъий вентиляциялашга муҳтожлар сони ҳар икки гуруҳда деярли бир хил чиқди. Орадан 28 кун ўтиб, олимлар ҳар икки гуруҳда ўлим кўрсаткичлари ҳам деярли бир хиллигини қайд этишди: биринчи гуруҳ (плазмали)дан 34 нафар бемор (15 фоиз), иккинчи гуруҳдан 31 нафар бемор (14 фоиз) вафот этган. Ҳар бир гуруҳдан 17 кишида касалликнинг енгилдан оғирга ўтиши кузатилган.
Тадқиқот муайян шароитда ўтган, яъни олимлар кимга плазма юборилган, кимга юборилмаганини олдиндан билишган. Олимларнинг таъкидлашларича, қўшимча тадқиқотлар ўтказилса, бошқа мамлакатлар, кўпроқ беморлар қамраб олинса, аниқроқ хулоса чиқариш мумкин бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter