Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқда тенг имконият: Давлат тиббий суғуртаси нимани ўзгартиради?

Соғлиқда тенг имконият: Давлат тиббий суғуртаси нимани ўзгартиради?


Босқичма-босқич жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизими аҳолини сифатли ва барча учун тенг тиббий хизмат билан таъминлашни мақсад қилган.
Кеча Тошкент шаҳридаги 54-оилавий поликлиникада шу мавзуда очиқ семинар-тренинг ташкил этилди. Унда тиббиёт ходимлари, соҳа мутахассислари ва журналистлар қатнашиб, давлат тиббий суғуртасининг назарий асосларидан тортиб, амалий муаммоларигача очиқ муҳокама қилинди.


Асосий ғоя: беморнинг ортида давлат туради
Семинарда таъкидланганидек, давлат тиббий суғуртаси орқали энди ҳар бир туман шифохонаси натижага қараб маблағ олади. Беморга қанчалик сифатли хизмат кўрсатилса муассаса шунча кўп маблағ билан таъминланади. Бу шифокорни бемор манфаатига ишлашга ундайди.
Фуқаролар учун эса энг катта ўзгариш «ўз чўнтагидан» чиқадиган харажатларнинг қисқариши ва қайси касалхонада, қайси шифокорда даволанишни танлаш ҳуқуқи. Айниқса, гипертония, юрак ишемик касаллиги, 2-тур қандли диабет, бронхиал астма ва ХОБЛ бўйича беморларга дори воситалари давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Бу – «Реимбурсация» деб аталади
Поликлиникада навбатда турган 52 ёшли Алишер Раҳимов ўз тажрибаси билан ўртоқлашди:
– Менда гипертония бор. Уч йилдан бери ҳар ой реимбурсация дастури бўйича текин дори олаяпман. Илгари дорига пул тополмай, баъзан танаффус қилиб қўярдим. Энди эса ҳеч қандай ташвиш йўқ. Шифокор электрон рецепт ёзади, мен дорихонадан бориб оламан. Бу нарса ҳаётимни енгил қилди...
Аслида «реимбурсация» дори воситаларининг қийматини давлат ўз зиммасига оладиган тизимдир. 2021-2025 йилларда 82 726 нафар беморга 211 782 та электрон рецепт орқали хизмат кўрсатилган, 816 та дорихона реимбурсация тизимига жалб қилинган, жами 4,79 трлн сўмлик дори воситалари давлат томонидан қоплаб берилган.
Имконият фақат пойтахтда эмас
Семинарда келтирилган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида 19 127 бемор 1,4 млрд сўмлик дори билан таъминланган, Сирдарё вилоятида 22 036 бемор 4,9 млрд сўмлик ёрдам олган. 2025 йилнинг 4 ойида 27 104 нафар бемор 223,1 млрд сўмлик бепул, юқори технологияли жарроҳлик хизматларидан фойдаланган. Уларнинг орасида юрак, мия қон-томир операциялари, буйрак ва жигар трансплантацияси, эндопротезлаш каби мураккаб жарроҳлик ишлари ҳам бор.
Бундай мураккаб жарроҳлик ордерлари «mis2.ssv.uz» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.
«mis2.ssv.uz» тизими қандай ишлайди?
– Бу соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички электрон йўлланмалар ва мурожаатлар тизими, – дейди поликлиника бош шифокори Дилфуза Абдураҳимова. – Ҳар бир ордер, жарроҳлик тавсияси, бемор маълумоти айнан шу платформадан ўтади. Биз ҳозир 43 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатаяпмиз. Ва ҳар бир бемор учун тўғри электрон йўлланма бериш, суғурта низоми асосида керакли маълумотларни тизимга киритиш – бизнинг масъулиятимиз.
Унинг сўзларига кўра, ушбу платформадан фойдаланиш барча шифокорларнинг ҳисобот бериш, беморни адолатли тарзда навбатга қўйиш ва хизматни тўғри ташкил этишдаги масъулиятини кучайтиради.
Кафолатланган тиббий хизматлар пакети – бу нима?
Шунингдек, бош шифокор таъкидлашича: давлат тиббий суғуртаси доирасида аҳолига «кафолатланган тиббий хизматлар пакети» таклиф қилинади. Бу пакет шундай хизматлар тўплами: фуқаро у ёки бу имтиёзли тоифага киришига қарамасдан, барчага тенг ва бепул асосда тақдим этилади. Масалан, бирламчи тиббий ёрдам (қон босимини ўлчатиш, қон таҳлили, ЭКГ, шифокор қабуллари), энг зарур диагностика ва таҳлиллар, муддатли ва даврий диспансер кузатувлари, айрим эҳтиёжларга асосланган ҳолда касалликни эрта аниқлаш тадбирлари. Бу пакет, аҳолининг кенг қатламига кафолатланган, бепул хизматларни тақдим этиб, уларни касалликнинг оғир босқичларигача бориб қолишдан сақлашга хизмат қилади.
Демак, суғурта фақат даволаш эмас, балки касалликни олдини олиш ҳамдир.
Нодавлат муассасалар ҳам тизимга қўшиляпти
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси нафақат давлат, балки хусусий тиббиёт муассасалари билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. 2025 йилнинг 4 ойида 46 та хусусий ташкилот орқали 924 беморга 18,1 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган. 2024 йилда эса 3 508 бемор хусусий муассасалар орқали 70,2 млрд сўмлик жарроҳлик ва диагностика хизматларини олган.
Семинарда журналистлардан бири ҳаётий саволни ўртага ташлади:
– Бир бемор ордер олди, лекин касалхонага борганда «сиз учун маблағ тўланмаган» деган жавоб олди. Бу ҳолатда ким жавобгар?
Давлат тиббий суғуртаси мутахассиси М.Эргашеванинг жавоби шундай бўлди:
– Ҳа, бундай ҳолатлар бўлган. Айниқса, рақамлаштириш тўлиқ жорий қилинмаган ҳудудларда. Лекин бемор ҳам ўзининг қайси хизматларга имтиёзли эканини, қандай шартлар асосида бепул жарроҳликка ёки дори воситаларига эга эканини аниқ билиши керак. Чунки ордер олиш учун белгиланган талаблар бор ва уларга жавоб бериш лозим.
Электрон тизим жорий этилгани сабабли эндиликда ҳеч қандай кўзбўямачиликка ҳожат қолмайди. Ҳар бир бемор электрон ҳисоботда кўринади ва шифокорлар беморга хизмат кўрсатгани учун тўғридан-тўғри давлатдан маблағ олади. Бу эса уларни бемор билан жиддий шуғулланишга мажбур қилади.


Суғурта тизими ҳақида аҳолининг хабардорлик даражаси қандай?
– Бу тизимда фуқароларни хабардор қилиш асосан оилавий шифокорлар зиммасига юкланган, – дейди ижро этувчи директор ўринбосари Улуғбек Қандимов. – Қолаверса, 1149 қисқа рақамли колл марказимиз ишлаб турибди. Ҳар бир шифокор ўз ҳудудида ким қайси имтиёзга эга, кимда қандай хасталик борлигини аниқлаб, тизим орқали электрон йўлланма тайёрлайди. Масалан, ҳозир бош шифокор поликлиникага қанча аҳоли мурожаат қилишини рақамини тўлиқ айтди, чунки ҳар бир бемор ортида маблағ турибди ва шу маблағлар тўғри тақсимлансагина шифохона ҳам ўша маблағга эга бўла олади. Бемор эса қайси касалхонада даволанишни ўзи танлайди. Агар рақамлаштириш тўлиқ жорий этилса, ишимиз янада енгиллашади. Тизимнинг келажаги бор – фақат тўлиқ ва шаффоф ишлаши керак. Давлат тиббий суғуртаси бу ислоҳот ва ҳар қандай ислоҳот сингари, у ҳам вақт талаб қилади. Бугунги ҳолатда тизим тўлиқ идеал ишлаяпти, деб бўлмайди, олдинда ҳали тизимни тўлиқ рақамлаштиришдек вазифалар турибди. Аммо энг муҳими, унинг шаффофлик ва тенглик тамойилларига асослангани. Ушбу суғурта тизими Тошкент, Сирдарё, Қорақалпоғистон аҳолисига хизмат кўрсатмоқда, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари кесимида йўлга қўйилмоқда, ундан кейин эса қолган барча вилоятларни қамраб олади. Умуман олганда, бу тизимнинг асосий мақсади тиббий муассасалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш.
Давлат тиббий суғуртаси ҳар бир инсон ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган инсонпарвар ғоя. Электрон ҳужжатлар, ҳисоботлар, ресурсларни мақсадли йўналтириш ва бемор ҳуқуқларини таъминлаш йўлида аниқ қадамлар қўйиляпти. Тизимдаги муваффақиятлар билан бирга, жойлардаги айрим амалий муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинмоқда.
Ишонч ва шаффофликка асосланган ёндашувни давом эттириш орқали, соғлиқни сақлаш хизматларини янада самарали, барча учун тенг қилиб йўлга қўйиш мумкин. Бу йўлда беморнинг хабардорлиги, шифокорнинг масъулияти ва давлатнинг етарли қўллаб-қувватлаши тенг даражада муҳим.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг