Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўконғич ҳоким қаттиқ огоҳлантирилди

Сўконғич ҳоким қаттиқ огоҳлантирилди

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан туманда ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Тоҳиржон Рапиқов, вилоят прокурорининг ўринбосари Шуҳрат Қосимов иштирокида туман маркази Жомашуйда ММТП раислари, фермерлар, туман фаоллари ҳамда оқсоқоллар билан муҳокама йиғилиши ташкил этилди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Учрашув чоғида Мингбулоқ тумани ҳокимига мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувнинг ҳақиқатдан туман ҳокими Нуршод Худойбердиевга тегишлилиги аниқланди. Аудиоёзувда қайд этилган мулоқотнинг 2019 йил 10 декабрь куни тумандаги «Гигант» машина саройида «Гигант», «Гулбоғ-1», «Гулистон» ММТП ҳудудларига кирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув чоғида юз бергани, туман ҳокимининг этикага мос келмайдиган сўзлари техникаларини келгуси йил тайёргарлиги доирасида таъмирлаш учун дислокация бўйича белгиланган саройга олиб келмаган фермерларга қаратилгани маълум бўлди.

Туман ҳокимининг бу борадаги топшириғи 2019 йил 5 ноябрда эълон қилингани ҳамда техникаларни тўлиқ таъмирдан чиқаришнинг сўнгги санаси 2019 йил 10 декабрь этиб белгиланганига қарамай баъзи фермер хўжалиги раҳбарларининг бу топшириққа эътиборсиз бўлгани юзасидан муҳокама ўтказган туман ҳокими мулоқот чоғида ҳақоратли сўзлардан фойдалангани ўша йиғилиш иштирокчилари томонидан тасдиқланди.

Йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман ҳокимининг бундай тарзда ишлашини кескин танқид қилди.

«Зўравонлик сиёсати, сўконғичлик сиёсати эски даврда қолди. Ҳеч ким бировни ҳақоратлашга, шахсиятига тегишга ҳаққи йўқ. Раҳбар одам ҳар ишни қонун доирасида бажариши керак. Агар ҳокимнинг қонуний талабни бажармайдиганлар бўлса, уларга айнан қонун доирасида чора кўрилиши лозим, сўкиниш билан иш тутиб эмас. Бугунги кун ҳокими ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шарт. Давлат сиёсати ҳокимлардан одамларни рози қилиб ишлашни талаб этади», — деб таъкидлади Хайрулло Бозоров.

Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев вазиятдан ўта пушаймонлигини билдирди. Айбини тўлиқ тан олиб, йиғилганлар ҳамда туман халқидан кечирим сўради.

«Туман ҳокими сифатида бундай хатога йўл қўйганим бу — менинг айбим. Ҳаётда мен учун катта дарс бўлди. Ҳақиқатда пушаймонман. Барчадан минг бор узр сўрайман. Бундай ҳолат умуман такрорланмайди деб ваъда бераман. Бундан буён фаолиятимда қонун устуворлигини тўла таъминлайман», — деди Нуршод Худойбердиев.

«Нуршод Худойбердиев вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилди. Вилоят прокуратураси ушбу аудиоёзув юзасидан ўрганиш ўтказиб, маъмурий жавобгарлик жиҳатини аниқлаши ҳамда қонуний чора кўриши белгиланди. Вилоят прокуратурасининг қарори юзасидан қўшимча баёнот эълон қилинади», — дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг