Сўнгги умид ёхуд Жўйлангардаги 5 асрлик масжид сақлаб қолинадими?

Бундан икки йил олдин «xabar.uz» сайтида «Жўйлангардаги тарихий ёдгорлик – масжид кундан кун харобалашмоқда, мутасаддилар эса жим» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Жиззах вилоятининг Янгиобод туманидаги Жўйлангар қишлоғида тарихи 5 асрга тенг «Юқори масжид» ҳақида сўз юритилиб, уни асраб қолиш, тарихий обидага мутасаддилар эътиборини қаратишга ҳаракат қилинган эди.
Видеоматериал эълон қилингач, бундай масжидлар мамлакатимизда жуда ҳам камлигини, уни сақлаб қолиш, масжидни туризм масканига айлантириш ҳақида ва бошқа жуда кўплаб изоҳлар ёзилди. Ўқувчилар беэътибор бўлишмади.
Хўш, ўтган вақтда нима ўзгарди? Очиғини айтиб қўя қолайлик, масжидни таъмирлаш бўйича ҳеч нарса қилинмади, мутасаддилардан садо ҳам чиқмади. Биргина иш – масжид томон борадиган йўл асфалтланди. Энг муҳими, фаолларнинг кўплаб саъй-ҳаракатлари туфайли масжид тақдирига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон Ёзувчилари ҳамда Журналистлари уюшмаси аъзоси, Халқаро Турон фанлар академияси академиги Муҳиддин Полвон етакчилигда ташаббускор гуруҳ шаклланди. Улар орасида архитектор, қурувчи тадбиркорлар, олимлар, тарихчилар, журналистлар, қишлоқ фаоллари бор.
Яқинда ана шу фидойилар Жўйлангар қишлоғига келиб, масжидни таъмирлаш ишларини бошлаш юзасидан кенгашиб олишди.
Биринчи навбатда, сентябрь ойига қадар масжид томини қайта ёпиш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, масжидни рўйхатдан ўтказиш, уни ички қисми шифтини аслидек таъмирлаш, деворлари ва аввалги пешайвонларни тиклаш бўйича лойиҳа чизмаларини ишлаб чиқиш, таъмирлаш учун зарур маблағни шакллантиришга қарор қилинди.
Энди биргина масала қолган – мутасаддилар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, тарихий «Юқори масжид»ни давлат рўйхатидан ўтказишлари зарур. Шунда масжидни ўз ҳолига келтириш осонлашади, Жиззахда, қолаверса, мамлакатимизда яна битта туризм маскани пайдо бўлади. Ёш авлод ўз тарихини ўрганади, кекса авлод тарихий адолат тикланганидан мамнун бўлади.
Бефарқ бўлманг, мутасаддилар!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter