Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ССВ: кеча аҳоли орасида аниқланган касаллар — сотувчи, иш юритувчи, бемор ва бир оила аъзолари

ССВ: кеча аҳоли орасида аниқланган касаллар — сотувчи, иш юритувчи, бемор ва бир оила аъзолари

Фото: «Xabar.uz»

Айрим ҳудудлардаги туман ва маҳаллаларда аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқаётгани вазиятнинг хавотирли эканини кўрсатмоқда. Бундай ҳолатда одамларнинг бир жойга йиғилмаслиги, турли тадбирларни ўтказишдан вақтинча тийилиб туришлари коронавируснинг олдини олишда жуда муҳим ҳисобланади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Вазирлик хабарига кўра:

- 18 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 85 нафар бемордан 28 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 19 июнь куни 179 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи  ҳам, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ҳам кундандан-кунга кескин  ошган.

- 19 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 24 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар, Тошкент вилоятида эса 2 нафарни ташкил этди.

Жумладан, Чилонзор туманидаги савдо дўкони сотувчиси бўлган Н.да (Сергели туманилик, шу йилнинг 18 июнидан тана ҳарорати кўтарилгач, шифокорга мурожаат қилган), Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.да ҳамда унинг ўғли ва қизида, пойтахтимизда бўлиб турган Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи О.да (профилактика мақсадида Тошкент шаҳар СЭОМ лабораториясига намуна топширган), Учтепа туманида яшовчи 3 нафар нафақада бўлган фуқароларда ҳамда Юнусобод туманидаги  бир оиланинг 6 нафар аъзосида (тана ҳарорати кўтарилгач, оилавий тумандаги 52-оилавий поликлиникага мурожаат қилган) касаллик қайд этилган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Поп тумани Ғурумсарой МФЙда яшовчи 3 нафар фуқаро (шу йилнинг 17 июнь куни тана ҳарорати кўтарилгач, врачга мурожаат қилган)да, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги сектори иш юритувчиси Г.да (профилактика мақсадда намуна олинган) ҳамда Ўртачирчиқ туман туғруқ бўлимидаги бемор З.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Мазкур касаллик аниқланган фуқароларнинг аксарияти тана ҳарорати кўтарилгач, шифохонага мурожаат қилишган ва намуна топширишган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилишларини, ва албатта, ижтимоий масофани сақлаш, қўл бериб саломлашиб, қучоқ очиб кўришишдан сақланишлари, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқобни тўғри  тақиш каби карантин ва санитария  қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг