Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Сталиннинг тантиқ қизи ёхуд хорликка маҳкум этилган маликалар қисмати (1-қисм)

Сталиннинг тантиқ қизи ёхуд хорликка маҳкум этилган маликалар қисмати (1-қисм)

Тарих бизга ўтмишдаги хатоларни ойна каби тутиб, ундан керакли хулосалар чиқаришимиз зарурлигини уқтиради! Бироқ биз кўпинча бунга риоя қилмаймиз. Унутамиз ҳаммасини. Буни қарангки, инсон сўзининг арабчадаги маъноси ҳам «унутувчи» экан. Балки унутувчи эканлигимиз бизга панд бераётгандир?

Ушбу мақолада отаси давлат раҳбари бўлганда мамлакатнинг биринчи рақамли маликасига айланиб, отаси тахтдан тушгач хорликка маҳкум этилган арзанда қизлар қисмати ҳақида сўзлаймиз.

Ҳокимияти қон билан суғорилган Совет иттифоқи деган давлатнинг тамалтоши қўйилаётганда ҳукумат бошлиғи, халқ комиссарлар кенгашининг раиси Владимир Ленин эди. Халқимизда «балиқ бошдан сасийди» деган мақол бор. Ленин бошлиқ большевиклар аслида кўзи оч, бузуқ ва инсонийликдан анча йироқ бўлган.

Айнан Ленин ва Сталиннинг буйруғи билан император Николай II ва унинг оила аъзолари отиб ташланди. Шу тарзда янги коммунист раҳбарлар кечаги йўлбошчиларни тинчитиб, ўзлари яратмоқчи бўлган социализм ва коммунизмнинг «нурли йўлини» тозаладилар.

Ленин ва Сталин

Бузуқлик ботқоғига ботган Ленин айнан шу ботқоқликдан ўз ажалини топди. У аёлларга  ўчлиги ортидан сифлис касаллигини юқтириб олди.1922 йил декабрь ойида СССР (Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи) давлати эълон қилинганидан кейин, аста-секин доҳий(Ленинни шундай аташар эди)нинг соғлиғи ёмонлашиб борди.

Шифокорлар Лениннинг соғлиғидаги ўзгаришларни 1918 йилда унгақилинган суиқасд билан боғлашди. Лекин айримлар доҳийнинг тузалмас дардга чалинишини унинг энг севимли шогирди Сталин билан боғлашади. Уларнинг иддао қилишича, Ленинни айнан Сталин заҳарлаб, асфаласофилинга жўнатган.

1922 йилда ҳокимият жиловини ўз қўлига олган Сталин устози Ленинни Москва ташқарисидаги Горкий боғида яшашга мажбур этди. Ленин вафотидан кейин Сталин қатағон компаниясини бошлаб, ўз рақибларини бирма-бир ўйиндан чиқаришга киришди. Инқилоб, қатағон, коллективлаштириш ва очарчиликдан 20 миллион инсоннинг ёстиғи қуриди.

Иосиф Сталин 35 йил мобайнида Иттифоқ халқининг онгу-шуури, ақл-зеҳниятига «пайғамбар» сифатида сингдирилди. Энг қизиғи, қорни тўйиб-тўймай юрган чаласавод одамлар ота-боболарининг қотилини кўкларга кўтариб ардоқлашарди.

Сталиннинг биринчи рафиқаси Екатерина Семёновна бўлиб, у 1907 йилда тиф касаллигидан вафот этган эди. Сталин1918 йилда иккинчи рафиқаси Надежда Аллилуева билан турмуш қурди. Надежданинг руҳиятида бир қанча нуқсонлари бор эди. Чунки соғлом фикрловчи, ақл-ҳуши жойида бўлган аёл бундай жаллодга хотинликка рози бўлмаслиги аниқ. Сталиннинг ўзи ҳам шизофренияга чалинган, параноик эканлиги ҳеч кимга сир бўлмаса керак?!

Надежда Аллилуева Иттифоқ раҳбарига бир қиз, икки ўғил туғиб берди. Лекин Надежда жаллод билан узоқ вақт бир ёстиққа бош қўя олмади. Кремлдаги зиёфатларнинг бирида эрининг бошқа аёлларга шилқимлик қилаётганини кўрган Надежда ҳамманинг олдида Сталиннинг юзига шарт туфлаб чиқиб кетди. Бу ошкора ҳақоратга чидай олмаган жаллод шу куни ўз аёлини ёстиқ билан бўғиб, жонини олди.

Сталиннинг ягона қизи Светлана мана шундай руҳий азоблар исканжасида, она меҳридан йироқда ўсиб улғайди. У отасининг эрка ва тантиқ қизига айланди.

Сталин умрининг сўнгига қадар ўз жонига қилинадиган суиқасддан қўрқиб яшади. Ўнлаб шифокорларни ўзига суиқасд қилишда айблаб, қамоққа ташлади. Алалоқибат, Совет иттифоқи деб аталмиш улкан давлат раҳбари ветеринар қўлида жон таслим қилди.

Ҳокимият тизгини Никита Хрушчёвга ўтгач, у собиқ раҳбарнинг қонга бўктирилган сиёсатини қоралай бошлади. Кечагина ҳамма сиғиниб юрган Сталиннинг қадри ер билан битта қилиниб, буюк қотил дея эълон қилиниши Светлананинг руҳиятига оғир таъсир қилди. Отаси вафот этиши билан ундан уйининг калитлари олиб қўйилди. Хрушчёв собиқ раҳбарнинг қизидан мамлакатдан тинчгина чиқиб кетишини сўради. Балки кун келиб ўзининг қизи ҳам шу кўйга тушишини билганида, Хрушчёв бундай қилмаган бўлармиди!? Бу ҳақда кейинги мақолада тўхталамиз.

Шоҳона ҳаёт Светлананинг келажакдаги турмушига таъсир кўрсатмасдан қолмади. У умри давомида бир эмас, нақд беш маротаба турмушга чиқиб, ажрашди. Светлана Аллилуева дастлаб Ҳиндистонга, кейин Хитойга, сўнг АҚШга кўчиб ўтди. Америкада унга катта эътибор қаратишди. Аллилуева ёзган китоблар катта тиражларда нашр этилди. Бунинг ортидан у мўмай пул ишлаб олди.

1970 йилда Сталиннинг қизи америкалик архитектор Уильям Питерсга турмушга чиқди. Бу никохдан сўнг у АҚШ фуқароси Лана Питерсга айланди. Бир йилдан сўнг Светлана қиз фарзандли бўлди. 1973 йилда у бешинчи турмуш ўртоғи билан ҳам ажрашди.

Михаил Горбачёвнинг ошкоралик ва очиқлик даврида Светлана Совет иттифоқига қайтиб келди. У отаси туғилган Грузия ва Горига сафар қилди. Ҳатто шу ерда қолмоқчи ҳам эди. Бироқ ошкоралик даврида Сталин амалга оширган қотилликлар пардаси кўтарилиб, кўплаб ҳақиқатлар юзага чиқди. Ота-боболари сталинизм қурбони бўлган инсонларнинг муносабати Светланага нисбатан таҳдидли эди. Бир сўз билан айтганда, совет жамияти назарида у ҳақиқий олабўжига айланди.

Виждон азоби уни тилкалай бошлади. Ўқрайиб қарашларига чидай олмаган жаллоднинг қизи охири Америкага қайтиб кетишга мажбур бўлди. «Отаси қилса зўрлик, боласи кўрар хорлик», деганлари шу бўлса керак...

Светлана Аллилуева ва Уильям Питерс қизининг чўқинтириш маросимида

АҚШда Светлана Аллилуевага бўлган қизиқиш аста-секин сўна бошлади. 90-йиллар бошида у Буюк Британиядаги қариялар уйида, кейинчалик, Швециядаги монастирда бир муддат яшади. Светлана умрининг сўнгги йилларини Висконсин штатидаги Ричланд шаҳри яқинида жойлашган қариялар ўйида ўтказди.

Светлана Иосифовна Аллилуева 2011 йил 22 ноябрда 86 ёшида АҚШда вафот этди. Унинг васиятига кўра, жасади куйдирилди ва кул солинган қути ўзининг ҳақиқий исм-шарифи билан эмас, Лана Петерс номи билан дафн этилди. Балки Светлана миллион-миллион инсонлар қотилининг номи қабри устида бўлишини истамагандир?

Светлана Аллилуева Биография Личная Жизнь Фото

Светлана Аллилуеванинг кенжа қизи
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг