Суриядаги ўғлига криптовалюта юборган она судланди
Бухорода криптовалюта воситасида терроризмни молиялаштиришга оид суд иши якунланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро шаҳар суди судяси Дилшод Наимов маълум қилди.
Маълумки, бугунги рақамли дунёда биргина тугмани босиш ёки QR-кодни сканерлаш орқали маблағ ўтказиш оддий ҳолга айланган. Бироқ қонунчилик талабларини четлаб ўтиш ёки жўнатилаётган пулнинг асл манзилини билмаслик инсонни оғир жиноятлар гирдобига тортиши мумкин. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида ана шундай мураккаб иш — криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатларига кўра, Навоий шаҳрида яшовчи Д.Р.нинг ўғли М.И. Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган «Жабҳат ан-Нусра» халқаро террористик ташкилоти таркибидаги «Катибатул Ғуроба ат-Туркистоний» гуруҳи сафида Сурияда жанговар ҳаракатларда қатнашиб келаётган эди. Бу ҳақда расман огоҳлантирилганига қарамай, Д.Р. 2025 йилнинг апрел ойида «мол жиҳоди» қилиб, савоб олиш мақсадида ўғлига молиявий кўмак юборишни режалаштиради.
Ўз изини яшириш мақсадида у жиноий режасидан мутлақо бехабар бўлган ўгай ўғли — тадбиркор Н.М.нинг ишончидан фойдаланади. У Н.М.га «Россиядаги танишимдан қарзим бор эди» деб, 6 миллион сўм беради ва кўрсатилган QR-код орқали криптовалюта ўтказиб беришни сўрайди.
Ўгай онасининг сўзларига ишонган Н.М. «Binance» биржаси орқали 495 USDT сотиб олиб, уни айтилган ҳамёнга — аслида эса Суриядаги жангари М.И.нинг ҳисобига ўтказиб беради.
Тергов давомида Н.М.нинг ўзи ҳам лицензиясиз равишда «Binance» платформасида жами 198,2 миллион сўмлик (16 378 USDT) криптоактивларнинг ноқонуний айланмасини амалга оширгани аниқланди.
Мазкур иш доирасида наманганлик бош муҳандис А.Н. ҳам суд курсисига ўтирди. У 2024–2025 йиллар давомида «Binance» биржасида ҳеч қандай лицензиясиз, P2P савдолари орқали жами қиймати 2 миллиард 395 миллион сўмдан ортиқ (197 960 USDT) криптовалютани ноқонуний сотиб олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланган.
Дастлаб тергов органи А.Н.ни ҳам терроризмни молиялаштиришда (ЖКнинг 155³-моддаси) айблаган. Бунга унинг биржадаги P2P ўтказмалари орасида Суриядаги М.И. ва Россияда терроризмда айбланиб ушланган фуқаро С.С.нинг ҳисобларига пул ўтгани сабаб бўлган. Бироқ суд муҳокамасида киберхавфсизлик мутахассиси «Binance»нинг P2P бўлимида пул жўнатувчи маблағни қабул қилиб олувчининг шахсини ёки қаерда эканини кўра олмаслигини, тизимда фақат рақамли код акс этишини тасдиқлади.
Тергов давомида М.И. ва С.С. гувоҳ сифатида сўроқ қилинмаган, шунингдек, А.Н.да терроризмни молиялаштиришга қаратилган тўғри қасд (қасддан қилинган жиноий ният) борлиги исботланмаган.
Суд Конституциянинг 28-моддасига, яъни айбдорликка оид барча шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги ҳақидаги қоидага таяниб, А.Н.ни терроризмни молиялаштириш айблови бўйича тўлиқ оқлади.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судья Дилшод Наимов раислигида барча далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳукм чиқарди:
А.Н. ЖКнинг 155³-моддаси 2-қисми «а» банди (терроризмни молиялаштириш) бўйича айбсиз деб топилди ва оқланди. Бироқ у ЖКнинг 278⁸-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда криптоактивларнинг қонунга хилоф айланмаси) билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди.
Д.Р. (жиноий режа тузган она) ЖКнинг 155³-моддаси 1-қисми (терроризмни молиялаштириш) билан айбли деб топилди. Суд унинг аёл эканлиги, 3 нафар фарзанди борлиги ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллади ҳамда унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Н.М. ЖКнинг 278⁸-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (криптоактивларнинг қонунга хилоф айланмаси) билан айбли деб топилиб, 2 йил-у 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Озодликни чеклаш жазоси тайинланган маҳкумларга Навоий вилояти ҳудудидан чиқмаслик ва Интернет тармоғидан фойдаланмаслик каби қўшимча тақиқлар юклатилди. Жиноят қуроли сифатида фойдаланилган иккита «iPhone» русумли телефон давлат эгалигига ўтказилди.
«Ушбу суд иши икки муҳим ҳақиқатни яна бир бор исботлади. Биринчидан, қонун олдида айбсизлик презумпцияси амалда ишлайди — исботланмаган айблов учун ҳеч ким жазоланмайди. Иккинчидан эса, криптобиржалардаги ноқонуний фаолият ва текширилмаган илтимослар ортидан пул ўтказиш инсонни озодликдан ва энг оддий имкониятлардан маҳрум қилиши мумкин», — деди Дилшод Наимов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter