Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тадбиркорлар сайёҳлар учун суғурта хизматларини соддалаштиришни таклиф қилдилар

Тадбиркорлар сайёҳлар учун суғурта хизматларини соддалаштиришни таклиф қилдилар

Мамлакатимизда туризмни янги босқичга олиб чиқишда мавжуд муаммоларни ўрганиш, соҳага янги халқаро тажрибаларни жорий этиш юзасидан Туризм қўмитаси раиси A.Аққулов раҳбарлигида соҳада фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда мамлакатимиздан хорижга саёҳатга чиқувчи фуқароларимиз ҳамда ички туризм йўналишида саёҳат қилаётган маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашда суғурта тизимининг ўрни, бу борадаги мавжуд механизмлар самарадорлиги ва уларни янада такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда суғурта компаниялари, туроператорлар, турагентликлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари иштирок этиб, сайёҳларга тақдим этилаётган суғурта хизматлари, туристик пакетлар таркибидаги ҳимоя механизмлари ҳамда халқаро амалиётда қўлланилаётган илғор ёндашувлар ҳақида фикр алмашдилар.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан туристларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бахтсиз ҳодисалар, тиббий ҳолатлар ёки саёҳат давомида юзага келиши мумкин бўлган бошқа кутилмаган вазиятларда суғурта хизматларидан фойдаланиш жараёнларини соддалаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов ўз сўзида мамлакатимизда хавфсиз ва барқарор туристик муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, бу борада давлат идоралари, хусусий сектор ва суғурта ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Учрашув якунларига кўра, туристик суғурта хизматларини рақамлаштириш, онлайн суғурта полисларини расмийлаштириш имкониятларини кенгайтириш, туристларга ахборот бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича таклифларни умумлаштиришга келишиб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг