Тадбиркорлик, иситма ва консилиум. Янги фармон бизга нима беради?
2020 йилнинг 27 октябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» фармони эълон қилинди. Айнан мана шу фармон доирасида Қарши шаҳрида «Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси» очилди.
Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча ушбу клиника фаолияти билан танишиб чиқди.
Бу клиника бизга нима беради? Ҳаётимизда ва тадбиркорлик муҳитида қандай ўзгаришлар бўлади? Мақола шу ҳақда...
Хавотир
Фармон эълон қилингандан сўнг турли фикрлар билдирилди. Кимдир хурсанд, бошқаларда эса хавотир пайдо бўлди. Қайсидир корхона ёпилиб кетмайдими? Одамлар иш ўринларини йўқотмайдиларми? Аксарият саволлар шу юзасидан бўлди.
— Йўқ, бу бўйича фуқаролар умуман хавотир олмасалар бўлади, — дейди журналистлар саволига жавобан Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Сунатулла Бекенов. — Президент фармони аксинча, корхоналар ўртасидаги рақобатни ошириш ва иқтисодиёт ривожланиши учун қабул қилинган. Давлатнинг бозордаги ўрни қанча кўп бўлса, тадбиркор олдидаги тўсиқ шунча катта бўлади. Масалан, давлат идораси бирор хизматга эхтиёж сезса, энг аввало давлат унитар корхоналарига мурожаат қилишни истайди. Тўғрими? Бу эса табиийки рақобат муҳити йўқолишига олиб келади. Шундай экан, давлат активларини хусусийлаштириш иқтисодиёт учун фақат манфаатли бўлиши мумкин.
Таниш-билишчилик?
Албатта фармон юзасидан яна қўшимча саволлар бор! Хусусийлаштириш жараёни шаффоф ўтадими, таниш-билишчиликка йўл қўйилмайдими, тадбиркор ҳуқуқлари поймол этилмайдими? Буларнинг барчасига жавоб топиш шарт. Сунатулла Бекеновнинг айтишича, айнан шундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари ташкил этилмоқда.
—Хусусийлаштиришдан мақсад бюджетга пул тушириш эмас — давлат пул учун корхоналарни сотиб юбормаяпти. Балки иқтисодиётни ривожлантириш ва тадбиркорликни соғломлаштириш мақсад қилинган. Клиникалар ҳам шу мақсадда очилмоқда. Айтайлик, мана журналистларда ҳам шунча савол бор экан. Табиийки тадбиркорлар ва фуқароларда ҳам бўлади. Клиникада эса барча саволларга жавоб топиш мумкин бўлади, — дейди мутасадди.
Консилиум
Клиникадан мақсад шунингдек яна тадбиркорлардаги муаммоларни ҳам ҳал қилиш ҳисобланади.
— Тиббиётда консилиум, деган атама бор — турли соҳа шифокорлари беморга ташхисни бирга қўяди ва даво чораларини белгилайди. Биз ҳам тадбиркорлардаги эҳтимолий муаммоларни шу йўл билан ҳал қилишни мақсад қилганмиз. Ҳар қандай муаммонинг сабаби ва оқибатлари бўлади. Биз оқибат эмас, сабабга қарши курашишимиз керак. Масалан, иситма — касаллик сабаби эмас, балки оқибатидир. Уни йўқотиш учун аввало муаммонинг илдизини топиш керак. Клиникамизда ҳокимлик, солиқ, газ, электр ва бошқа идоралар вакиллари бўлишади. Қайсидир тадбиркорнинг фаолиятида муаммо юзага келса, биргаликда ўрганишади ва ҳал қилишади.
Асос борми?
Буларнинг барчаси жуда яхши албатта. Аммо бу чора-тадбирлар фақат қоғозда қолиб кетмайдими? Айтайлик, ўша санаб ўтилган идора вакиллари клиника талабларига бўйсунадими? Бунга қандай асос мавжуд?
— Клиника Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш ва соҳа муаммоларини ўрганиш бўйича ташкил этилган қабулхонаси тизимида фаолият юритади. Шундай экан, бизда исталган ижро ҳокимияти вакили билан бевосита ишлаш имконияти бўлади, — дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Сунатулла Бекенов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter