Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз режим муддатини қисқартирмоқда

Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз режим муддатини қисқартирмоқда

Фото: Magnific

Таиланд ҳукумати 90 дан ортиқ давлат фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликлар учун мамлакатда визасиз бўлиш муддатини кескин қисқартирмоқда. Мақсад — хорижликлар иштирокидаги жиноятларни чеклаш.

«The Guardian» нашрининг ёзишича, туризм Таиланддаги иш ўринларининг муҳим манбаи. Шунга қарамай, ҳукумат сайёҳлар томонидан содир этилаётган қонунбузарликлар сабаб иммиграция қоидаларини кучайтиришга мажбур бўлди.

Ҳукумат вакилига кўра, сайёҳлар иқтисодиётга фойда келтирмоқда, аммо амалдаги тизим айрим шахсларга уни суиистеъмол қилиш имконини беряпти.

Сайёҳлар ўртасида дўкондан ўғирлик қилишдан тортиб жамоат жойларида ахлоқсиз хатти-ҳаракатларгача бўлган қонунбузарликлар кенг тарқалган. Шунингдек, айрим хорижликлар мамлакатда белгиланган муддатдан ортиқ қолиб кетиши ва туристик ҳудудларда рухсатномасиз бизнес юритиши ҳолатлари кўпайган. Трансмиллий жиноий гуруҳлар ҳам енгил иммиграция қонунларидан фойдаланмоқда.

Ташқи ишлар вазири Сихасак Пхуангкеткеу Таиланд муайян бир давлатни нишонга олмаётганини, балки виза тизимидан фойдаланиб жиноят содир этаётган шахсларга қарши чора кўрилаётганини маълум қилди.

Янги қоидаларга кўра, 93 та давлат, жумладан Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Европанинг Шенген ҳудуди ва Австралия каби давлатлар учун амал қилган 60 кунлик визасиз режим бекор қилинди.

Энди сайёҳлар мамлакатда визасиз 30 кун қолишлари мумкин. Бироқ бундай имтиёздан фойдаланувчи давлат ва ҳудудлар сони ҳам 57 тадан 54 тага қисқартирилади. Қайси давлатлар рўйхатдан чиқарилиши ҳозирча номаълум.

Ҳукумат вакилининг маълум қилишича, сайёҳлар иммиграция идорасига мурожаат қилиб, визани бир марта узайтириш имконига эга бўлади.

«60 кунлик муддат автоматик тарзда берилган эди. Энди эса узайтириш масаласини иммиграция ходими ҳал қилади ва сайёҳ нега узоқроқ қолмоқчи эканини тушунтириши керак бўлади», — деди у.

Таиланд 2024 йилда туризм соҳасини коронавирус пандемиясидан кейин тиклаш мақсадида визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сонини кўпайтирган ва мамлакатда қолиш муддатини 60 кунгача узайтирган эди.

Туризм мамлакат ЯИМининг 10-20 фоизини ташкил қилади. Бироқ сайёҳлар сони ҳали пандемиядан олдинги даражага қайтмаган. Бунга АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши оқибатида авиаёқилғи ва авиачипталар нархи ошгани ҳам таъсир кўрсатмоқда.

«Bangkok Post» нашрининг ёзишича, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Таиландга келган хорижликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,45 фоизга камайган. Бу йилги сайёҳлар оқими бўйича прогноз ҳам пасайтирилган — 35 миллион ўрнига эндиликда 32 миллион сайёҳ кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг