TASHKENT CYBERLEX – 2026: рақамли даврда қонун устуворлиги ва киберхавфсизлик бўйича глобал мулоқот майдони
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида «TASHKENT CYBERLEX – 2026» халқаро илмий-амалий форуми ўз ишини бошлади.
«Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги» мавзусига бағишланган мазкур форум мамлакатимизда илк бор ташкил этилмоқда. Форум рақамли трансформация шароитида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик ўртасидаги мувозанатни сақлаш, шунингдек инновацион технологияларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига масъулиятли ва самарали жорий этиш масалаларига бағишланган нуфузли халқаро эксперт платформаси сифатида ўз фаолиятини бошлади.

Бугун рақамлаштириш, сунъий интеллект, рақамли далиллар, криптоактивлар ва кибержиноятчилик давлатлар ҳуқуқий сиёсати ҳамда миллий хавфсизлик тизимининг энг долзарб йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, форум мамлакатимизда рақамли давлат қуриш, ҳуқуқий тизим ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасини модернизация қилишга қаратилган сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Форум юқори даражадаги миллий ва халқаро вакиллик таркиби билан ажралиб туради. Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, Миллий гвардия қўмондони Баходир Тошматов, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти, шунингдек халқаро ташкилотлар ва эксперт доиралар вакиллари иштирок этмоқда.

Форум ишига Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, INTERPOL, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Европа кибертаълим тармоғи (ECTEG) ҳамда бошқа нуфузли халқаро институтлар экспертларининг жалб этилгани унинг юқори экспертлик ва амалий аҳамиятини янада оширади.
«TASHKENT CYBERLEX – 2026» кенг халқаро вакиллик таркиби ва иштирокчилар географияси билан ҳам аҳамиятлидир. Форумда АҚШ, Германия, Франция, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Нидерландия, Австрия, Латвия, Исроил, Вьетнам, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова, Озарбайжон ва бошқа давлатлардан прокурорлар, суд экспертлари, олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда. Халқаро иштирокчилар ва экспертлар сони форумнинг минтақавий эмас, балки кенг халқаро мулоқот платформаси сифатида шаклланаётганини кўрсатади.

Форумнинг ялпи мажлиси «Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги» мавзусига бағишланиб, рақамли ривожланиш шароитида ҳуқуқий сиёсат, давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилиш учун юқори даражадаги сиёсий ва эксперт мулоқот майдонини шакллантирмоқда.
Форум доирасида ташкил этилган тўртта тематик сессия рақамли ҳуқуқ ва киберхавфсизлик соҳасининг энг долзарб масалаларини қамраб олган.

«Юридик фан ва таълимдаги инновациялар: киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ва сунъий интеллект» мавзусидаги биринчи сессия ҳуқуқий таълимни рақамли трансформация шароитида ривожлантириш, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ва сунъий интеллектнинг ҳуқуқий таълим ҳамда эксперт фаолиятига таъсирига бағишланди.
«e-Crime: рақамли криминалистиканинг замонавий усуллари ва воситалари» мавзусидаги иккинчи сессия кибержиноятларни тергов қилиш, электрон далиллар, рақамли излар ва трансмиллий жиноятларга қарши курашишдаги халқаро ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилиш майдонига айланди.

«Сунъий интеллект ва жиноят процесси рақамли трансформацияси: тараққиёт, хавф-хатарлар ва шахс ҳуқуқларининг кафолатлари» мавзусидаги учинчи сессия сунъий интеллектдан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва одил судлов соҳасида фойдаланишнинг ҳуқуқий ҳамда ахлоқий чегаралари, инсон ҳуқуқлари кафолатлари ва рақамли тергов истиқболларига бағишланди.
«Рақамли далиллар ва криптоактивлар: активларни қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик» мавзусидаги тўртинчи сессия эса криптоактивлар, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш, рақамли молиявий терговлар ва активларни қайтаришнинг халқаро ҳуқуқий механизмларини муҳокама қилиш учун муҳим эксперт майдонини шакллантирди.
«TASHKENT CYBERLEX – 2026» форуми илмий муҳокамалар билан чекланиб қолмай, рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида инновацион ёндашувларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда киберхавфсизлик ва рақамли ҳуқуқ соҳасида янги ташаббусларни илгари суришга хизмат қилувчи муҳим глобал платформа сифатида аҳамият касб этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter