Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тарих зарварақлари: Темурхон наслидан Кантемир...

Тарих зарварақлари: Темурхон наслидан Кантемир...

Тарих қатларида бобонгиз исми

Кантемир битилган... демак – Хон Темир.

Ажнабий атади Сизни рус насли,

Тўғри! Аждодингиз Темурбек эрур!

...Бу ўзбекнинг атоқли шоири Азим Суюн шеъридан бир парча...

1949 йили дунё юзини кўрган қизғиш-сарғиш рангли, пишиқ муқовали бир китоб, мана, эллик йилдирки, каминанинг китоб жавонида ўзининг доимий «прописка» жойини эгаллаб туради. Бичими катта, ҳажми 1094 саҳифали салмоққа эга. Москва-Ленинград Давлат бадиий адабиёт нашриёти чоп этган. Китобда улуғ рус адабий танқидчиси В.Г.Белинскийнинг танланган асарлари жамланган. Уни аллақачондан буён камёблар сирасига кирган бўлса керак деб ўйлайман.

Китобнинг 776–785-саҳифаларида «Кантемир» сарлавҳали мақола жойлаштирилган. Унда шундай сатрларни ўқиймиз: «Рус адабиётини Ломоносовдан бошлайдилар – бу айни ҳақиқат. ... рус адабиёти тарихи эса Кантемирдан бошланади, дейишадики, бу ҳам ҳақиқатдир» (776-бет).

– Рус тилида эски бир китоб борки, – давом этади Белинский. – Уни 1783 йили Новиков нашр этган. Номи: «Молдавиялик жаноб князь Константин Кантемирнинг ҳаёти ва аъмоллари тарихи. Санкт-Петербург Фанлар академиясининг марҳум профессори Беер тарафиндан ёзилмиш, русия тилига таржима, княз Кантемирлар хонадони шажараси ҳақидаги изоҳлар билан» деб аталади.

Виссарион Григорьевич Белинский мақолада: «Кантемирлар ўз насл-насабларини қрим татарлари билан боғлайдилар», – дейди ва бунинг ҳеч қанақа таҳқирли жиҳати йўқлигини, татарларнинг шон-шавкатлари шуб-ҳасизлигини таъкидлайди (777-бет). Сўнгра қуйидаги далилларни келтиради: «Кантемирларнинг келиб чиқиши тўппа-тўғри Темурлангга боғланади... Аммо ҳажвчи (Антиох) Кантемирнинг шажараси Темурлангга боғланадими, Одам Атогами – рус адабиёти учун барибир. Унинг молдавиялик жаноб Дмитрий Кантемирнинг ўғли экани, бу жаноб буюк Пётрнинг замонидан, хусусан, Прутда сулҳ билан тугалланган рус-турк уруши тарихидан маълуму машҳур эканини билиш рус адабиёти учун кифоядир».

«Княз Дмитрий аллома одам эди: у тарих илми билан астойдил шуғулланган, фалсафа ва риёзиётда ҳам пешқадам бўлган, меъморий илмларни яхши билган, Берлин академиясининг аъзоси бўлган. Турк, форс, юнон, лотин, италян, рус, молдаван тилларида эркин сўзлашарди, француз тилини роса эгаллаган эди. Ундан лотин, юнон, молдаван ва рус тилларида бир неча асар мерос қолган. У ёзган «Муҳаммад қонунлари» китоби буюк Пётрнинг буйруғига биноан 1722 йили чоп этилган. Филҳақиқат, бундайин отанинг болалари ҳам билимдон ва олим инсонлар бўлиб етишган» (иқтибос Тоҳир Қаҳҳорнинг «Инсонни маърифат тарбиялайди» мақоласидан олинди). «Фитна санъати» 2-китоби. «Фан» нашриёти. Тошкент. 1993 йил, 70–73-бетлар).

Интернетдан олган маълумотларимизга кўра, Молдавия господарлари (ҳокимлари) сулоласи вакили бўлган Кантемирларнинг қадимий аждодлари мусулмон бўлишган. Қандайдир сабабларга кўра, 1540 йилда уларнинг бобоси насронийликни қабул қилган ва Молдавияга кўчиб ўтган.

Кантемирлар худди шу ҳолатни доимо қаттиқ сир тутиб келганларига олимлар томонидан эътибор қаратилади. Дмитрий Кантемир бунинг устига насронийлар орасида ўзининг гўё бир неча авлоди яшаб ўтганлигини кўрсатиш учун шажара ҳам тузиб қўйган экан.

– Улуғ Пётр атрофидагилар буни билишган, – дея таъкидлайди бу ҳақда тадқиқотчилар – аммо Кантемир оиласининг насронийлик илдизини подшоҳ расман тан олган ва бу нарса муҳокама қилинмаган...

Тарихда келтирилишича, Кантемирлар сулоласи бобосининг исми «арслон ўғли» дея таржима қилинган. Бобо жамиятда қудратли шахс бўлган: чунончи у Қрим хонига тобе бўлишни эмас, балки Истамбул қарамлигини ўзига маъқул кўради ва юқори Днепрдан то Дунайгача бўлган ерларда ҳукм юритадиган Силистра вилояти губернаторлигини олади.

Айтадиларки, шундан сўнгги 40 йил мобайнида Қримда қилинадиган бирорта юмуш Арслонўғлининг, (яъни Кантемирлар бобосининг – муаллиф) иштирокисиз бўлмаган. Аммо 1637 йилда Туркия султони уни Истамбулга чақириб олади ва бўғиб ўлдиртиради. Кантемир Арслон ўғлининг ўлим билан жазоланишига олиб келган сабабни унинг кенжа ўғли мастлик ҳолатида бир фақир мусулмон киши ҳаётига зомин бўлганлигидан излайдилар.

Нима бўлганда ҳам, ана шу воқеа сабаб, Кантемирлар оиласида усмонийлар империясига нисбатан салбий муносабат шаклланиши бошланган.

Сулоланинг энг машҳури Дмитрий Кантемир 1673 йили Молдавия господари Константин Кантемир оиласида туғилади. Константин Кантемир ўз жангчилари билан султон оиласини муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолган ва миннатдорчилик рамзи сифатида унга Молдавия тахти топширилган эди.

Дмитрий отанинг султонга итоаткорлигини таъминлаш учун гаров сифатида юборилиб, 15 ёшидан Истамбулда яшайди. Бу ерда у Асъад Эфенди, Саъд Эфенди каби устозлардан таълим олиб, фавқулодда қобилиятини намоён этади, турли фанларни иштиёқ билан эгаллайди, ҳарбий ишларда ўзини кўрсатади, султоннинг назарига тушади. Ёшлик чоғларидан тарих, фалсафа, математика фанларини, ўнга яқин чет тиллар, жумладан, форс ва турк тилларини билиш-ўрганиш туфайли Туркияда ва Европада энг маълумотли киши даражасига чиқади.

Дмитрий Кантемир кўплаб мусиқа асбобларини қиёмига етказиб чала олган, бастакорлик ҳам қилган. У яратган «Боязид марши» мусиқаси анча йиллар давомида турк давлатининг миллий мадҳияси сифатида ижро этилган. Кантемир томонидан ёзиб олинган ва қайта ишланган турк наволари кейинчалик улуғ композитор Моцарт томонидан «Саройдаги ўғрилик» операсини яратишда фойдаланилган. У усмонлилар империяси ва умуман монархияларнинг қисмати ҳақида ёзилган бир нечта китоблар муаллифи.

Теран тафаккур соҳиби Дмитрий Кантемир Болқон ярим ороли ва унда яшовчи халқлар тарихини мукаммал ўрганиб, усмонлилар империясининг ҳалокати яқинлигини ва бунда Россиянинг ролини тушуниб етади. Шунинг учун бўлса керак, Молдавия озодлигини ўйлаб рус дипломатлари билан яқинлашади ва то умрининг охиригача Россия билан бирга бўлиш аҳдида собит туради.

1710 йили отаси вафот этганида султон уни Молдавия господари этиб тайинлаган ва Дмитрий Кантемир султон хизматида бўлгани ҳолда Россия билан тузилган яширин шартнома асосида иш олиб борган...

Тез орада Туркия билан бошланган уруш Россия ва Молдавиянинг омадсизликка учраши билан якун топади. Натижада Дмитрий Кантемир хотини, қизи ҳамда тўрт ўғлини олиб, Молдавиянинг юзлаб боёнлари ва тўрт минг аскар ҳамроҳлигида рус ерига кўчиб ўтади.

Подшоҳ Пётр Дмитрий Кантемирга барча шароитларни яратиб берган, уни Шарқ масалалари бўйича ўзининг маслаҳатчиси қилиб олган. Пётр Молдавиянинг собиқ господари салоҳияти ва билимини қадрлагани туфайли Кантемир Европада ҳам шуҳрат қозонган. Дейдиларки, ҳатто Вольтер уни тан олиб, асарларидан фойдаланган.

Россияда бир неча асарлар чоп эттирган Дмитрий Кантемир икки мамлакат – Молдавия ва Россиянинг шон-шуҳратини оширган олим ва сиёсатчи сифатида тарихда қолди. Ҳозирги кунда Москва шаҳрида Кантемир кўчаси ва метро бекати бор. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида машҳур бўлган гвардиячи Кантемир дивизияси ҳозиргача Россия армиясида мавжуд ва ҳоказо.

Кантемирларнинг Пушкин ва Толстой билан қариндошчилиги ҳам аниқлаб чиқилган, яъни Дмитрий Кантемир Пётр томонига ўтиб кетган пайтида унинг акаси Антиох ихтиёрсиз Истамбулда қолади. Антиох Дмитрий Кантемирга жиян ҳисобланган Молдавия господари Дукининг қизига уйланади ва ундан Константин деган ўғил кўради. Худди шу Константин вақти келиб Киев шаҳрида Наталья Головина деган аёл билан иккинчи никоҳдан ўтган. Қарангки, Наталья Головинанинг опаларидан бири Пушкинга ва бошқаси Толстойга момо бўлган эканлар.

Яна бир тарихий маълумотга кўра, Россия подшоси Пётр кантемирлар оиласи вакили бўлган соҳибжамол Марияга уйланмоқ тараддудида эди. Аммо бундан норози бўлган подшоҳ хотини Екатерина бўйида бор Мариянинг ҳомиласини тушириш ҳийла-чорасини қилади! Ким билсин, мана шу машъум режа амалга оширилмай қолганда тарих йўналиши қай тарафларга бурилган бўларди!..

Туркий гагауз халқи фарзанди, таниқли молдаван ёзувчиси, тадқиқотчи олим, дипломат, сиёсатчи Фёдор Ангели 2010 йилда ўзининг «Кантемирлар даври ва унга янгича назар: 16-аср охири ва 17-асрнинг биринчи ярми» деган китобини жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилди.

Ушбу китобнинг бизга қизиқарли бўлган жиҳатларидан бирига эътибор қаратамиз, яъни кантемирлар ўзларини Амир Темур наслидан ҳисоблагани, бутун авлоди бундан фахрланиб юргани Россия-Молдавия тарихида акс этиши ва, умуман, асрлар давомида бу икки мамлакат халқининг сиёсий-ижтимоий-маънавий онгида мустаҳкам ўрнашгани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Фёдор Ангелининг асарида эса юқоридаги концепция ўзининг тарихий исботини топмаганлиги таъкидланган. «Темур – Ўрта осиёлик, кантемирлар эса – Итил бўйларидан» дейилади унда ва давомида шундай ёзилган. –«Кантемирларнинг илдизи Олтин Ўрдани 20 йилдан зиёдроқ бошқарган амир Едигейга (Идику – муаллиф) бориб тақалади».

Бу фикр ҳозирги кунда фаоллашиб турибди ва ўрни келгани учун биз ҳам улуғ рус адабий танқидчиси В.Г.Белинскийнинг сиз юқорида ўқиган сўзларига ҳамоҳанг ҳолатда шуни таъкидламоқчимиз:

– Кантемирнинг шажараси Амир Темурга боғланадими, амир Едигейгами – биз учун барибир. Барча жаноб кантемирлар Амир Темур номини ўзларига бекорга байроқ қилмаганликлари, мусулмонми ёки насрониймии, қайси эътиқодда бўлишларидан қатъи назар, етти иқлим ҳукмдори бўлган назаркарда соҳибқирон бобомизнинг шарофати билан жаҳоний улуғлик сифат касб этганликларини билиш бизга кифоядир.

Абдулла Холмирзаев


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг