ТИВ ўзбекистонликларни Лос-Анжелесда бўлиб ўтаётган намойишлар борасида огоҳликка чақирди

Лос-Анжелесда уч кундан бери АҚШ президенти Доналд Трампнинг иммиграция сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати ходимларининг Лос-Анжелесдаги ноқонуний хорижликларни аниқлаш мақсадида ўтказган рейди намойишчилар билан тўқнашувларга сабаб бўлган.
Ўтказилган рейдлардан норози бўлган минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, муҳожирлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилган. 7 июнь, шанба куни норозилик намойишлари кенгроқ тус олиб, полиция ходимлари билан тўқнашувлар содир бўлди. Миллий гвардия намойишчилар билан тўқнашувда кўздан ёш оқизувчи газ ва гранаталардан фойдаланган эди.
Намойишчилар, асосан тинч муҳожирларга қарши рейдларни тўхтатиш, иммиграция тизимини ислоҳ қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилишмоқда. Вазият назоратдан чиқиб кетиши эҳтимоли ҳам юқори баҳоланмоқда.
Маълум қилинишича, Лос-Анжелесга Миллий гвардиянинг 2 минг аскари юборилмоқда. Калифорния губернатори Миллий гвардияни жойлаштириш қарорини штат суверен ҳуқуқларининг бузилиши деб атади. Айрим манбалар, хусусан, CNN АҚШ денгиз пиёдалари корпуси бўлинмалари Лос-Анжелесга жойлаштирилишга тайёрлиги ҳақида хабар берган.
Мазкур ҳолат бўйича «Xabar.uz» Ўзбекистон ТИВ расмийси билан боғланди ва АҚШнинг намойишлар бўлиб ўтаётган ҳудудларидаги ўзбекистонликлар ҳақида айрим саволларига жавоб олди.
«Ҳозирда мазкур намойишларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этгани тўғрисида ҳеч қандай расмий тасдиқланган маълумот келиб тушмади.
Шу билан бирга, АҚШдаги барча юртдошларимизни ушбу мамлакатнинг амалдаги қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга, тинчлик ва хавфсизликни бузиши мумкин бўлган ҳар қандай оммавий намойишларда иштирок этмасликка чақирамиз.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади. Зарур ҳолларда фуқароларимиз АҚШдаги Элчихонамиз ва Бош консулхоналаримизга мурожаат қилишлари мумкин», – дейди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурханов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter