Тўқаев табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича муддат белгилади
Қозоғистондаги кенг кўламли сув тошқинлари оқибатлари беш ой муддатда бартараф этилиши керак. Бу ҳақда президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Бирлик. Янгиланиш. Тараққиёт» мавзусида ўтказилган Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ХХХІІІ сессиясидаги нутқида гапирди.
Қ.Тўқаев сув тошқинлари оқибатида вайрон бўлган уй-жойларни тиклаш, жабрланган аҳолининг нормал ҳаётга қайтишини таъминлаш президент сифатидаги энг муҳим вазифаси эканини айтган.
«Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳалокатли сув тошқинлари кузатилмоқда. Биз учун асосий мақсад – фуқаролар фаровонлиги. Шунга кўра ҳукумат томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, тегишли маблағлар ажратилди, йирик компаниялар, бизнес вакиллари ёрдам бермоқда. Вайронагарчиликка сабаб бўлган сув тошқини оқибатида вайрон бўлган уй-жойларни тиклаш, жабрланган аҳолининг нормал ҳаётга қайтишини таъминлаш ҳозирда президент сифатида менинг олдимда турган энг муҳим вазифадир. Шу боис мамлакатимизда аввалдан режалаштирилган халқаро тадбирларни қисқартириш бўйича аниқ топшириқ бердим», – деди у.
Қ.Тўқаев бахтсиз ҳодиса туфайли қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга давлат керакли ёрдам кўрсатишини таъкидлади.
«Албатта, бир лаҳзада тер тўкиб орттирган бойликни йўқотиш осон эмас. Мен буни тушунаман. Жабрланган фуқароларга яна айтаман: бутун халқ сиз билан елкадош. Тез орада барчангиз рисоладаги ҳаётга қайтасиз. Бунинг учун давлат ҳаммасини қилади», – деди нотиқ.
Давлат амалдорларига табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 5 ой муддат белгиланди.
«Аввало, фуқароларга кўрилган зиён учун компенсация тўланади, уйлар қурилади, квартиралар ажратилади, вайрон бўлган инфратузилма тикланади. Мамлакат президенти сифатида бунинг учун маблағни аямайман. Ахир, йиллар давомида бу маблағларни нима учун жамғардик? Шунчаки туриши ёки хорижий мамлакатларда қимматли қоғоз сифатида сақланиши учунми? Йўқ, бари мамлакатимиз фуқаролари учун», – деди Қ.Тўқаев.
Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон элчихонаси мушкул вазиятда кўрсатган кўмаги учун Ўзбекистон халқи ва раҳбариятига миннатдорлик билдирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter