Тўқимачилик соҳасида экспортни ривожлантиришга доир видеоселектор йиғилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Унда мамлакат иқтисодиётининг 3 фоизини, саноатнинг 14 фоизини яратаётган тўқимачилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги беш йилда тармоқда 3,5 миллиард долларлик 396 та йирик корхона ишга тушди, ишлаб чиқариш 10 миллиард долларга етди. Соҳада 500 мингдан ортиқ одам банд. Бу саноатда банд жами аҳолининг 20 фоизига тенг.
Шу билан бирга, соҳада ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари секинлашиши кузатилмоқда, бу эса халқаро вазиятни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариш, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш бўйича тезкор чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Жаҳонда пахта котировкалари 2022 йилдан бошлаб пасайиб кетаётгани кластерлар учун муаммо келтириб чиқармоқда. Сўнгги уч йилда нарх тоннасига 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушди.
Тадбиркорлар эски қарзини янги ҳосил ҳисобидан бир-бирига улаб ёпмоқда. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиш учун 2022-2023 йиллар учун пахта хомашёсига берилган имтиёзли кредит 3 марта узайтирилди, ўтган йилда пахта нархини тушириш учун тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилди.
Давлат раҳбари томонидан жаҳон бозорида нархнинг кескин тушиши бугун бошланмаганини, иқтисодий комплекс илмий ташкилотлар билан бирга бу борада турли хил сценарийлар ва ечимларни тайёрлаб қўйган бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Манба: t.me
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter