Тошкент халқаро кинофестивали якуни бўйича барча саволларга жавоб берилди
«Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг якунлари бўйича бугун, 6 октябр куни Ренессанс кино уйида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида сўзга Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, N.I.C.E. итальян фильмлари фестивали раҳбари Вивиана Дель Бьянко, «Евроосиёни ўраганамиз» халқаро ассоциацияси директори Антонио Фаллико ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу фестивалнинг икки давлат ўртасидаги алоқаларда тутган ўрни ҳақида гапирди.
Шунингдек, Вивиана Дель Бьянкога Тошкент халқаро кинофестивалининг статуеткаси топширилди. Антонио Фалликога эса ўзбек чопони ва дўпписи тақдим этилди. Шунингдек, Италия делегацияси аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Очилиш маросими давомида «Марко Полонинг Ўзбекистонга сафари» фильмидан қисқа ролик намойиш этилди. XV Тошкент халқаро кинофестивалида Италия делегациясининг иштироки ва итальян фильмларида кийилган костюмлар кўргазмаси алоҳида таъкидланди.
Кейин эса саҳнага пресс-конференция спикерлари агентлик директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчанов, Ёшлик киностудияси директори Акром Шоҳназаров ва «Ўзбекфильм» киноконцерни директори Баҳодир Одилов таклиф этилди. Конференция давомида фестивалга аталган роликлар намойиш этилиб, спикерлар ҳар бир тадбир бўйича ҳисобот берди.
Матбуот анжумани сўнггида ОАВ ходимлари ва блогерлар XV Тошкент халқаро кинофестивали бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Маълумот учун, жорий йилги кинофестивалда 50 дан ортиқ давлатдан 300 га яқин меҳмон иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, бироз вақт муқаддам Тошкент халқаро кинофестивалида меҳмон бўлган ижодкорлар Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилган эди. Мурожаатда давлат раҳбарига меҳмондўстлик ва фестивалда яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter