Тошкентда 11 ёшли қиз ток уриши натижасида вафот этди

Ижтимоий тармоқларда 11 ёшли қизни ток уриши натижасида вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, воқеа жорий йилнинг 30 май куни тахминан соат 18.00 да Миробод туманида Амир Темур кўчасидаги савдо дўконлардан бирида содир бўлганини тасдиқлади.
Қайд этилишича, 2014 йилда туғилган Н.А. дўконнинг том қисмига укасининг ўйинчоғини олиб тушиш учун нарвон ёрдамида чиққан. Қайтиб тушаётган вақтида том қисмига яқин жойдан ўтувчи электр токини ушлаб олган ва ток уриши натижасида воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса») билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter