Тошкентда 2 та замонавий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди (фото)

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Сергели туманларида «Обод маҳалла» дастури доирасида тубдан реконструкция қилинган мактабгача таълим масканлари фойдаланишга топширилди. Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Муассасаларнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси, Сергели ва Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги масъуллари иштирок этди.

Шайхонтоҳур туманида фойдаланишга топширилган 241-сонли мактабгача таълим муассасаси 1960 йилда қурилган бўлиб, шу кунга қадар мукаммал таъмирдан чиқарилмаган эди. Эндиликда, кичкинтойларнинг замонавий таълим-тарбия олиши учун барча зарур шарт-шароит яратилган мазкур болалар боғчаси 150 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади.

Турли эртак қаҳрамонлари акс этган болалар майдончаси, ошхона, ювиниш хонаси, тиббий пункт, юмшоқ мебеллар жамланмаси, ёзги бассейн ҳамда замонавий ўйин майдончалари кичкинтойлар хизматида. Болажонлар учун кундалик машғулотлардан ташқари, рус, инглиз тили, расм чизиш, рақс тўгараклари ҳам ташкил этилган.

Сергели туманидаги 564-сонли мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилгани «Халқобод» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини беҳад қувонтирди.
Мазкур 110 ўринга мўлжалланган муассасада яратилган ўйин майдончалари, мусиқа ва спорт заллари зарур қўлланма ҳамда кўргазмали воситалар билан таъминлангани ёш авлоднинг замонавий билимларни пухта ўзлаштириши учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter