Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда «Низомий»га қарашли талабалар ётоқхонаси сотувга қўйилди

Тошкентда «Низомий»га қарашли талабалар ётоқхонаси сотувга қўйилди

Пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири — Муқимий кўчасида жойлашган Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетига қарашли талабалар тураржойи сотувга чиқарилди.

Объектни хусусийлаштириш Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПФ–70-сонли фармони асосида амалга оширилмоқда. Ҳужжатга кўра, объектни сотишдан тушадиган маблағлар баҳолаш ва савдо харажатлари чегирилганидан сўнг Янги Тошкент шаҳрида университетнинг янги кампусларини қуриш учун мақсадли равишда йўналтирилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, сотувга қўйилган мажмуа 1 гектар ер майдонини эгаллайди. Унинг таркибига 5, 7, 8 ва 9-сонли талабалар тураржойлари ҳамда ёрдамчи иншоотлар киради. Биноларнинг умумий майдони қарийб 16 минг квадрат метрни ташкил этади.

Объектнинг бошланғич баҳоси 272,3 миллиард сўм этиб белгиланган. Ушбу сумманинг 215,6 миллион сўми ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар қийматига тўғри келади.

Савдо шартларига кўра, бўлажак инвестор объект негизида шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ нодавлат таълим муассасаси ташкил этиши ва унинг таълим йўналишини сақлаб қолиши лозим. Шунингдек, харидор объектни 2027 йил 31 декабрга қадар бўшатиб бериш шартини ҳам қабул қилади. Бунда талабалар учун Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган кампуслар фойдаланишга топширилишига қараб, объект белгиланган муддатдан олдин ёки кейин инвесторга берилиши мумкин.

Маълумот учун, мазкур фармонга кўра Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 10-сонли талабалар ётоқхонаси ҳамда Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган «Кенсой ўқув ва талабалар тураржойи» бинолари ҳам сотувга чиқарилиши керак. Ҳужжатда балансда сақловчи, яъни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг сўровига асосан объектлар босқичма-босқич оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг