Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ўқитувчи ўқувчиларининг қўлига игна санчиб «тарбиялаган»

Тошкентда ўқитувчи ўқувчиларининг қўлига игна санчиб «тарбиялаган»

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 277-мактабда ўқитувчи 1-синф ўқувчилари қўлига уларнинг хатолари учун игна ва бурама мих санчиб жазолаб келгани маълум бўлди.

«Дарё» нашрининг болалар ота-онасига таяниб хабар беришича, ҳолат жорий ўқув йили бошидан буён давом этиб келаётган бўлган. Болалар ўқитувчи томонидан бу ҳақда бошқаларга айтса, қаттиқроқ жазолашини айтиб қўрқитилгани сабаб, ота-оналар бу жазо усули ҳақида яқинда хабар топишган.  

Болалар омбудсмани берган расмий маълумотга кўра эса жорий йилнинг 16 апрел куни Тошкент шаҳри Сергели тумани, 277-ўрта мактаб 1-Е синф ўқувчиларининг 15 нафар ота-оналари мазкур мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-Е синф раҳбари С.Р. (аёл) нинг устидан шикоят қилган.

Мурожаатда ота-оналар синф раҳбари С.Р. ўқувчилар қўлининг кафт қисмини устига бурама мих ва игналар билан санчиб турли жароҳатлар етказганлиги, гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини билдиришган.

«1-Е синф раҳбари С.Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилди», – дейилади ташкилот расмий хабарида.

Бироқ «Дарё» нашри мухбири учрашган мазкур мактаб директори ушбу воқеани хаспўшлашга уриниб, ҳолат у мактабда бўлмаган пайтда содир бўлганини ва ўқитувчига «Ҳайфсан» жазосини қўллаганини айтиш билан чекланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг