Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда уй-жой нархларида қандай ўзгариш бўлди?

Тошкентда уй-жой нархларида қандай ўзгариш бўлди?

Фото: Xabar.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти 2026 йил апрел ойида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жой бозори бўйича таҳлил натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, апрел ойида бозор фаоллиги пасайган. Уй-жой бўйича умумий эълонлар сони 44,5 мингтани ташкил этиб, март ойига нисбатан 13,4 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 17,7 фоизга қисқарган.

Шу билан бирга, бирламчи бозор улуши ошиб бормоқда. Агар 2024 йил январ ойида уй-жой эълонларининг 33,8 фоизи бирламчи бозор ҳиссасига тўғри келган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 47,6 фоизга етган.

Икки ва уч хонали уйлар сегментида нархлар нисбатан барқарор сақланмоқда. Бирламчи бозорда 4 ва ундан ортиқ хонали қиммат уйларда пасайиш кузатилган бўлса, иккиламчи бозорда аксинча, мўътадил ўсиш қайд этилган.

Таҳлилда марказга яқин туманларда тўлиқ таъмирланган уйлар нархи юқорилигича қолаётгани қайд этилди. Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида тўлиқ таъмирланган уйларнинг бир квадрат метри 1413 доллардан 2121 долларгача баҳоланмоқда.

Шайхонтоҳур, Юнусобод, Чилонзор ва Яшнободда бу кўрсаткич 1195–1797 доллар оралиғида шаклланган. Учтепа, Олмазор ва Сергели туманларида эса нархлар нисбатан паст бўлиб, бир квадрат метр учун 900–1367 доллар атрофида таклиф қилинмоқда.

Тўрт хонали тўлиқ таъмирланган уйларда ҳудудлар ўртасидаги фарқ бирламчи бозорда 2,3 бараварга етган. Масалан, Мирободда бир квадрат метр 2117 доллар бўлса, Сергелида 922 доллар атрофида шаклланган.

Шунингдек, нақдсиз олди-сотди тартиби жорий этилганидан кейин бозорда ҳозирча кескин ўзгариш кузатилмагани таъкидланди.

Таъкидланишича, маълумотлар «OLX.UZ» платформасидаги очиқ эълонлар асосида шакллантирилган бўлиб, унда таклиф нархлари акс этган. Якуний битим нархлари бундан фарқ қилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг