Тепадан сочилган пул, ҳавога совурилган қадр
Тасаввур қилинг, Нью-Йоркнинг машҳур ресторанларидан бирида таниқли хонанда куйламоқда. Даврага чиққан бир бойвачча эса унинг бошидан юз долларлик купюраларни хазонрезгидек сочяпти... Ёки Сеулдаги ҳашаматли тўйхонада келин-куёвнинг устидан миллионлаб вонлар чирпирак қилиб ҳавога учириляпти, одамлар эса ерда эмаклаб пул теряпти...
Очиғи, бу манзарани ёзяпману, кўз олдимга умуман келтира олмаяпман. Тасаввур қилишнинг ҳам иложи йўқ! Чунки ривожланган давлатларда бундай ҳолатни кўрган одам соғлом фикрли инсонни эмас, балки жиннихонадан қочган кимсани кўргандек анграйиб қолиши аниқ.
Ахир қандай тасаввур қилиш мумкин? Кундалик ҳаётимизда ўша яшил долларнинг юзига кичкинагина бир нуқта тегса ёки бироз чизилса, банклар «эскирган пул» деб нархини тушириб, биздан сотиб олишга иккиланиб турсаю, тўйхонада уни оёқ ости қилиб совуриш мумкинми?
Афсуски, ўзганинг пулига, хориж валютасига келганда уларни шу қадар қадрлаймизки, ўз миллий валютамиз, яъни сўмимизнинг оёқ ости бўлишига негадир ўрганиб қолганмиз. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган, тўйда хонанданинг бошидан пул сочилаётгани акс этган навбатдаги видео ҳам бунинг аччиқ исботи бўлди.
Аслида пулнинг тепадан ерга сочилишинг ўзи уни қадрсиз эканидан далолат. Осмондан учиб тушаётган пул давлат рамзи эмас, шунчаки енгилтаклик ва мақтаниш қурбонига айланган қоғоз парчасидек тасаввур уйғотади.
Хорижда вазият қандай?
Бу муаммо фақат бизга хос эмас, бироқ ривожланган ва тизимли давлатларда миллий валютага бўлган муносабат бутунлай бошқача. У ерларда пул — давлатнинг суверенитети, инсон меҳнатининг олий рамзи сифатида қонун ва юксак маданият билан ҳимояланади.
Миср
Яқин Шарқ, хусусан Миср тўйларида ҳам пул сочиш ҳолатлари учраб туради. Бироқ сўнгги пайтларда тармоқларда машҳур санъаткорларнинг устидан пул сочилган видеолар тарқалиши ортидан Миср Солиқ бошқармаси (Egyptian Tax Authority) расмий суриштирувларни йўлга қўйди. Бундай «шоу» қилган шахсларнинг даромад манбаси ва ўша пулни йиғиб олган хонандаларнинг йил якунидаги декларацияси қаттиқ текширилади. Пул сочиш, яширин иқтисодиёт ва солиқдан бўйин товлаш омили сифатида давлат даражасида назоратга олинган.
Америка
Дунёдаги энг оммабоп валюта бўлган доллар ҳам АҚШда қаттиқ ҳуқуқий ҳимояга эга. АҚШ Жиноят кодексининг 18-титули, 333-моддасига кўра, миллий банкноталарни қасддан яроқсиз ҳолга келтириш, шикастлаш ёки йиртиш қонунбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун йирик миқдорда жарима ёки (6 ой)гача бўлган муддатга қамоқ жазоси белгиланган. Тўйларда пул сочиб, уни оёқ ости қилиш банкноталарнинг шикастланишига олиб келиши сабабли, Америка жамиятида бундай хатти-ҳаракатлар Федерал қонунни бузиш ва молиявий тизимни ҳақорат қилиш деб баҳоланади.
Япония
Японияда миллий валюта иенага муносабат инсоннинг ўзига ва атрофдагиларга бўлган ҳурмати белгисидир. Бу ерда пул ҳеч қачон ғижимланмайди, ерга отилмайди. Тўй ва маросимларда санъаткорга ёки хизматчиларга пул берилмоқчи бўлса, у ҳеч қачон очиқ узатилмайди. Пулни нафис, анъанавий шугибукуро конвертларига солиб, икки қўллаб, таъзим билан топширишади. Бу ҳам пулнинг қадрини, ҳам қаршисидаги инсоннинг меҳнатини улуғлашдир.
Қадриятлар қандай бузилади?
Тўйларда пул сочилганда, давра ўртасига биринчи бўлиб ёш болалар югуриб чиқади. Уларнинг бир-бирини итариб, ерда эмаклаб пул тераётган манзарасини кузатиш жуда ачинарли. Бироз чуқурроқ мушоҳада қилсак, бу жараён гўдаклар онгида салбий из қолдиради. Пулга сиғиниш ва очкўзлик ана шундай пайдо бўлади. Бола гўдаклигиданоқ пул учун ерга эгилиш, тиз чўкиш, пул учун талашиш оддий ҳол экан, деган хулосага келади. Пул унинг кўзига меҳнат билан топиладиган восита эмас, балки давраларда оёқ остидан териб олинадиган, талашиладиган қандайдир буюмдек бўлиб кўринади.
Улар пул топган одамнинг пешона терини, меҳнатини, машаққатини кўрмайди, балки пулни ҳавога совураётган бойваччани ва унинг ортидан ерда думалаб юрганларни кўради. Катталар ўзлари сезмаган ҳолда ёш авлодга пул учун ҳар қандай ҳолатга тушиш мумкинлигини ана шундай намойиш қилиб беришади.
Ерга тушган пул микробнинг кони…
Энди масаланинг энг оддий ва санитария жиҳатига эътибор қаратайлик. Тўйхона саҳнида одамлар рақсга тушади. Кўчадан чанг, лой ва турли ифлосликлар теккан юзлаб туфлилар босган ўша саҳнага миллий валютамиз учиб тушади. Ер билан битта бўлган, устидан кимдир босиб ўтган пул шунчаки қоғоз эмас, балки энг хавфли инфекциялар ўчоғига айланади. Илмий тадқиқотларга кўра, қоғоз пуллар юзасида шундоқ ҳам миллионлаб бактериялар яшайди. Энди уларни тўйхонанинг чанг полига ташлаб, сўнг ердан териб олиш санитария қоидаларига мутлақо зиддир. Ўша ифлос пулларни болалар ердан олади, чўнтагига солади, кейин эса тўй дастурхонидаги ширинликларга ювилмаган қўлини узатади.
Ҳавога учган пуллар...
Яна ўша манзарага қайтамиз: тўйхона чироқлари остида раққоса шўх куйларга хиром айламоқда. Унинг атрофида эса кўк, қизил, яшил рангли қоғоз пуллар чирпирак бўлиб ҳавога учиб, чанг ва туфли излари тушган ерга тушмоқда. Даврадагилар қарсак чалиб, маза қилмоқда...
Энди шу суратнинг ортига яширинган иккинчи, асл манзарани кўрайлик. Даврада хазонрезгидек сочилаётган ўша яшил ва кўк пулларни ишлаб топиш учун тўй эгалари бегона юртларда, қаҳратон совуқда тонг саҳарлаб кўча супурган, қурилишларда оғир меҳнат қилган. Оиласини боқиш, тўй қилиш илинжига ўзга юртларда кимларгадир бош эгиб, паст келиб, тиш-тирноғи билан топган маблағи ортида бир инсоннинг орттирган касаллиги, яқинлари соғинчи ва кўз ёшлари ётибди. Қандай қилиб ўз ватандошингнинг, балки ўз ота ёки ака-уканинг соғлиғи, ор-номуси эвазига кириб келган маблағни бир неча дақиқалик сохта обрў учун раққосанинг, хонанданинг оёқ остига совуриш мумкин? Бу нафақат миллий валютага, балки ўша машаққатли меҳнатга ва инсон қадрига бўлган энг олий даражадаги ҳурматсизликдир.
Аччиқ эътироф
Ҳа, мен АҚШ доллари ёки Корея вониининг тўйларда сочилишини тасаввур қила олмайман. Лекин, афсуски, ўзбек сўмининг осмондан чирпирак бўлиб ерга тушишини, оёқ остида сочилишини жуда осон «ҳазм» қила оламан. Чунки болалигимдан, ёшлигимдан тўйларимизда айнан мана шу манзарани кўриб улғайдим.
Энг ачинарлиси, биз ўз пулимизга, демакки, ўз пешона теримиз билан қилган меҳнатимизга мана шундай муносабатда бўлишга кўникиб бўлганмиз. Бу кўникмани, бу қон-қонимизга сингиб кетган маданиятсизликни бугун ўзгартирмасак, эртага фарзандларимиз ҳам миллий рамзимизни оёқ остида кўриб улғаяверади... Ўз миллий валютасини, ўз ватандошининг машаққатли меҳнатини қадрламаган миллат, ўзгалар кўзида ҳам ҳеч қачон қадр топмайди.
Миллий байроғимиз ва гербимизни таҳқирлаганлик учун қонунда жавобгарлик белгиланган. Демак, миллий сўмимизни оёқ ости қилиш одати қонун билан тақиқланмас ва жазо муқаррар бўлмас экан, бу хунук ҳолат давом этаверади.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter