Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тоза қўллар» дастури қандай ишлайди?

«Тоза қўллар» дастури қандай ишлайди?

Жорий йил 6 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик суви ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган «Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 297-сон қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан бошлаб барча соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида «Тоза қўллар» дастури жорий этилади.

«Тоза қўллар» дастури доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида:

  • санитария-гигиена воситалари билан етарли миқдорда таъминлаш;
  • ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена объектлари (ҳожатхона) инфратузилмасини яхшилаш, уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
  • аҳоли, жумладан, болалар ўртасида шахсий гигиена одатларини шакллантириш ва унга риоя қилиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат сармояларини бошқариш геопортали маълумотларидан фойдаланган ҳолда умумий ўрта таълим ташкилотларининг санитария-гигиена инфратузилмаларини яхшилаш бўйича мақсадли дастур шакллантирилади.

Шу билан бирга, умумий ўрта таълим ташкилотларини халқаро тажриба асосида сув таъминоти, санитария ва гигиенанинг «Уч юлдузли ёндашув» методикаси асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • Умумий ўрта таълим ташкилотларида «Уч юлдузли ёндашув» методикасини жорий қилиш бўйича дастур;
  • Умумий ўрта таълим ташкилотларини «Уч юлдузли ёндашув» методикаси бўйича баҳолаш мезонлари;
  • Сув таъминоти мавжуд бўлмаган соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларини ичимлик суви билан таъминлашнинг манзилли рўйхати;
  • Умумий ўрта таълим ташкилотларининг барқарор санитария-гигиена инфратузилмаларини 2025 йилда ривожлантириш дастури.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари «Тоза қўллар» ҳақида тўхталган ва ушбу мақсад учун шу йилнинг ўзида бюджетдан 780 миллиард сўм ажратилишини маълум қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг