Трамп Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишуви имзоланганини эълон қилди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ воситачилигида ҳарбий қарама-қаршиликдан воз кечиш ҳақидаги декларацияни имзолади. Бу ҳақда 8 август куни Оқ уйда Алиев ва Пашинян билан музокара ўтказган АҚШ президенти Доналд Трамп маълум қилди.
«Биз ниҳоят тинчлик ўрнатишга муваффақ бўлдик. Арманистон ва Озарбайжон барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш, савдо, саёҳат ва дипломатик муносабатларни тиклаш, бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади», - деди АҚШ президенти.
Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон икки давлат билан энергетика, савдо ва технология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича икки томонлама шартнома имзоламоқда.
«Шунингдек, Озарбайжон ва АҚШ ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка қўйилган чекловларни ҳам олиб ташлаймиз», – деди Трамп.
Алиевнинг таъкидлашича, Боку ва Ереван «қарама-қаршилик ва қон тўкилиш саҳифасини ёпиб, фарзандлари учун ёруғ ва хавфсиз келажакни таъминламоқда».
«Бугунги декларация... биз Жанубий Кавказда тинчлик, фаровонлик, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очаётганимизга ишонч бағишлайди», — деди Пашинян.
Декларацияда, хусусан, Арманистон ҳудуди орқали Озарбайжон ҳудуди ва унинг эксклави Нахчиван Мухтор Республикаси ўртасида транспорт йўлаги яратиш ҳақида сўз боради. У «Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп маршрути» деб номланган. АҚШ президентининг айтишича, бу қарор Озарбайжонга «Арманистон суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда» Нахчиванга кириш имконини беради. Унинг сўзларига кўра, Ереван ушбу йўлни ривожлантириш бўйича Вашингтон билан 99 йилгача узайтирилиши мумкин бўлган ҳамкорликка киришмоқда.
Шунингдек, 2020 йил ноябрида Озарбайжон Тоғли Қорабоғда арман кучларини мағлуб этганидан сўнг, Пашинян ва Алиев Россия президенти Владимир Путин воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Вашингтонда имзоланган декларацияда эса томонлар Қорабоғ можаросини ҳал қилишда иштирок этиши керак бўлган Минск гуруҳини тарқатиб юборишни сўраган. Гуруҳга Россия, Франция ва АҚШ ҳамраислик қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter