Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Тушуниш учун чорак аср: «Шарқ тароналари» бу йил нега Регистонда ўтказилмайди?

Тушуниш учун чорак аср: «Шарқ тароналари» бу йил нега Регистонда ўтказилмайди?

 Самарқандда илк марта «Шарқ тароналари» халқаро мусиқий фестивали ўтказилган йили туғилган бола бугун 27 ёшга кирди. Шунча йилдан буён Халқаро фестиваль Регистонда ўтди. Фақат пандемия туфайли нуфузли анжуман тўхтаб қолганди.

Яқин кунларда ҳам – 25-30 августда навбатдаги XIII халқаро мусиқа анжумани ўтказилиши режалаштириляпти: фақат Регистон майдонида эмас!

Ҳозирда Самарқанд туризм маркази таркибидаги Боқий шаҳар мажмуасида репетиция жараёнлари бошланган.  

– Кўпчилик бу галги фестиваль учун нега «Боқий шаҳар» мажмуаси танланганини сўрамоқда.

Маълумки, моддий маданий меросимиз бўлган «Регистон» ансамбли тарихий аҳамиятга эга. Ушбу ёдгорликни асраб-авайлаш, келажак-авлодга етказиш, юртимизга келаётган сайёҳларга қадимий обидалармизни ўз ҳолича кўрсатиш, қолаверса, нафақат Самарқанднинг, балки бутун Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этиш учун барча шароит яратилган янги туризм марказининг имкониятларини кўрсатиш мақсадида ушбу маскан танланди, – деган режиссёр Шамсиддин Усмонов. 

Зукко ўқувчи анжуман «ёдгорликни асраб авайлаш, келажак авлодга етказиш»га қанчалик халал берган, деган саволни ҳам ўртага ташлаши табиий. Хўш, бир эмас, икки эмас, ўн иккита фестивални ўтказган Регистонга тадбир нимаси билан таъсир қилди? Нега бугунга келиб ёдгорликни асар-авайлаш кераклигини тушуниб етдик? Ёдгорлик ва фестиваль номутаносиблиги борасида расмий, илмий хулосалар борми?

I, II ва III халқаро «Шарқ тароналари» фестивалларининг очилиш ва ёпилиш қисмлари мисли кўрилмаган дабдабани таъминлашда майдондаги мушакбозлик ўрни катта бўлди. Уларнинг барида мушаклар Тиллакори мадрасаси томидан отилган. Мушаклар отилишидан пайдо бўлган детонация ва резонанс таъсири бир чақирим радиусда ҳам сезиларди. Соддароқ тилда айтганда, 10 маҳалла нарида ҳам мушак отилган вақтда еру осмон титрагандек бўларди. Айниқса, III мусиқий фестиваль пайтида Регистон орқа томонидан етиб келган ўт ўчириш машиналарини аҳоли яхши эслайди. Бу 2001 йил августидаги воқеа.

Орадан кўп ўтмай, 12 сентябрда Самарқанд вилоят тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат назорати қошидаги эксперт кенгаши йиғилиш ўтказди. Журналистлар йиғилишда кўтарилган масалани ойдинлаштириши, ҳужжат нусхаларига эга бўлиши жуда қийин кечган. Лекин, барибир бир неча ойдан кейин бўлса ҳам йиғилиш баённомаси қўлга тегди. Ўша баённомадан иқтибос:

«Кун тартиби:

Самарқанд шаҳридаги  Регистон майдонида  III Халқаро «Шарқ тароналари» фестивали ўтказилгандан сўнг, Регистон ансамбли ҳолатини кўриб чиқиш.

... Кенгаш аъзолари томонидан Регистон ансамблидаги Тиллакори, Мирзо Улуғбек ва  Шердор мадрасаларини кўрикдан ўтказиш жараёнида қуйидагилар аниқланди.

Тиллакори мадрасаси бўйича

Бош кириш пештоқи – пештоқнинг юқори катаба ва тимпан қисмида мушаклар таъсирида пардоз плиткаларнинг куйганлиги ва ранги ўзгарганлиги, бош кириш пештоқининг тунука том қопламасида катталиги 50-70 мм, 70-120 мм бўлган кўпгина  (мушакларнинг том устига тушиб куйдириши натижасида) тешиклар пайдо бўлган. Пештоқнинг  жанубий, ғарбий  ва шарқий портал деворларидаги пардоз плиткалари айрим жойларда тушиб кетган, мадрасанинг жанубий ғарбий қисмида жойлашган минора гумбазидаги пардоз плиткаларининг 8-12 фоизи тушган, гумбаз конструкциясидаги ёриқлар катталашган бўлиб, кучли овозлар детонацияси таъсирида пардоз плиткалар гумбаз деворидан ажралган ва тушиб кетиш ҳолатида эканлиги аниқланди.

Мирзо Улуғбек мадрасаси бўйича

Бош кириш пештоқи қисмидаги орқа девордаги ёриқлар 3-5 сантиметрга кенгайган бўлиб, катта ҳажмдаги пардоз бўлаги тушиб кетиш ҳолатига келган. Мадраса деворидаги пардоз плиткаларининг айрим жойларида тушиб кетганлиги аниқланди...»

Баённомада Шердор мадрасасида ҳам юқоридаги каби ўзгаришлар содир бўлгани, шунингдек, саҳналарни жиҳозлаш учун тортилган трослар Мирзо Улуғбек  ва Шердор мадрасаси бош кириш пештоқлари порталларининг юза қисмига бириктирилгани ва саҳна жиҳозларининг осилиши натижасида айрим эгилишлар ҳосил бўлганлиги қайд этилган. Шунингдек, резонанс таъсирида қийшайган минораларнинг оғиш бурчаги катталашиши мумкинлиги ёзилган.

Баённомани эксперт кенгашининг 9 нафар аъзоси имзолаган – тарихий обидалар бўйича етук, манаман деган мутахассислар. Ҳужжатда уларнинг ҳар бири фикри акс этган. Вилоят тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат назорати раҳбари Майсара опа Набираева айтган мана бу гаплардан билиш мумкинки, эксперт кенгаши тадқиқотни мунтазам олиб борган.

«Набираева М.А.: – Ўтган 1999 йилги II халқаро «Шарқ тароналари» фестивалидан сўнг ҳам ёдгорлик бинолари кўрикдан ўтказилганда, худди шундай ҳолат кўзга ташланган бўлиб, мутасадди ташкилотларга хабар берган эдик. Афсуски, бу йилги фестивалдан ёдгорликнинг зиёни олдингисига қараганда анчагина кўпдир.» 

Ана шу ҳужжат орқали журналист сифатида мавзуни ўрганиш менинг чекимга тушган экан, экспертлар билан боғланиш ҳаракатида бўлдим. Эксперт кенгаш аъзоси Алмос Умаров интервью беришга рози бўлган кам сонли мутахассислардан бири бўлди.

– Биласизми, бино лойиҳа асосида қадимий усул – хатаба орқали пардозланган, – дея батафсил тушунтирганди вилоят ёдгорликларни сақлаш давлат назорати бош мутахассис нозири Алмос Умаров. – Бунга кўра, девор ва пардоз юза оралиғида бўшлиқ қолдирилади. Бу йиллар бўйи деворларда тўпланган тузларнинг юзага урилишидан асрайди. Аммо айни шу нарса баланд, шовқинли овозлар резонанс таъсирини кучайтиради ҳам. Натижада пардоз плиткалари тушиб кетади.

Кейин, Регистон ансамбли директор ўринбосар Қурбон Ҳасанов ҳузурларига борганман. Улар қақшаб, оддий тилда, ўхшатишлар билан гапирарди. «Бу, ахир, мункиллаб қолган бобойдек. Қартайиб қолган одамга қаттиқ овқат ёқмайди, енгил шабададан ҳам бадани увишади, қўлини қаттиқ сиқсанг, озорланади... »

Тарихчидан нима қилиш керак деб сўраганимда шундай деганди:

 – Шукр, сўнгги йилларда Самарқандда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – деганди раҳматли Қурбон Ҳасанов. – Имом ал-Бухорий мақбаралари атрофида жуда қисқа муддатда ўн-йигирма йиллик ишлар бажарилди. Мотурудий мақбараси ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Бу ишлар олдида шаҳарнинг бирор янги мавзеси ҳудудида гўзал, ҳашаматли амфитеатр қуриш ҳеч гап эмас. 

Ҳа, фестивални Самарқанднинг бошқа бир чекка ҳудудида ўтказишни 2001 йилдаёқ Қурбон Ҳасанов таклиф қилгандилар.

Ана шу мулоҳазалар Хуршид Дўстмуҳаммад муҳаррирлигидаги «Ҳуррият» газетасида  (2002 йил 16 январь сони, «Асрагим келади, сени Регистон!») эълон қилинди. Бош саҳифада «Регистонда замбарак отманг!» деб анонс ҳам қўйилди.

Бироқ, шундан сўнг ҳам масала тўлақонли ечим топмади. IV «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалидан бошлаб мушаклар обида томидан эмас, балки Регистон мажмуаси орқа томонидаги майдондан, 100 метрча масофадан отила бошланди. Бу ечим эмасди, албатта. Ранго ранг мушаклар қанчалик гўзал бўлмасин, фестиваль иштирокчилари «гумбур-қарс»лардан қанчалик завқланмасин, мушаклар сунъий силкинишни келтириб чиқарарди...

Ўша вақтларда бир томондан маданий ёдгорликлар, иккинчи томондан фестивалга масъул бўлган Маданият вазирлиги мулозимлари фестивалнинг Регистонга ҳеч қандай зарари йўқ, деб айтиб келдилар.

2007 йил апрель ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг Душанбедаги учрашуви доирасида Ўзбекистон ҳайъати «Шарқ тароналари» фестивалига тайёргарлик борасида ахборот берган. Танаффусда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўша пайтдаги биринчи ўринбосари Бахтиёр Сайфуллаев журналистнинг Регистон ансамблида ўтадиган ушбу тадбирнинг тарихий обидаларга зарари ҳақидаги саволига жавоб берган.

«Йўқ, бу ҳеч қанақа зарар келтирмайди техник томондан. Дейлик, бу мушакбозлик, бошқа нарсалардан қандайдир зарар кўради обидалар деёлмайман. Ҳеч қандай зарар кўрмайди! Лекин, бу нарсаларни биз орқа томонга олаяпмиз ҳозир. Бу тайёр саҳна. Ҳеч қандай декорация, бошқа нарсалар керак эмас. Самарқанд шаҳрининг бош майдони Регистон майдонини бу фестивалнинг рамзи деб биламиз», – деган Бахтиёр Сайфуллаев.

Ҳар тоқ йилда ўтказилиши анъанага айланиб қолган «Шарқ тароналари»нинг биринчи марта пандемия туфайли қолдирилган йилида эса «Дарё» нашри «Сайёҳларсиз ва Шарқ тароналарисиз қолган Самарқанд» сарлавҳали мақола эълон қилган.

Унда, жумладан, шундай дейилади:

«Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор» деганларидек, пандемия «шарофати» билан Регистон бу йил детонациядан, резонансдан қутулди, деб хурсанд бўлаётган шаҳарликлар ҳам бор. Байрамона фестиваль, у баҳона шаҳарга кўплаб хорижий меҳмонлар келиши яхши, аммо томоша охирида бўладиган катта мушакбозлик, Самарқанднинг тарихий обидалари тақдирига бефарқ бўлмаган аҳоли фикрича, муаммо эди…»

Ўз навбатида, бу мақолада ҳам 2001 йилги тарихий ҳужжат устида тўхтаб ўтилган.   

Бугун эса қувонсак арзийди: ниҳоят масала ечим топди. Шу гапларни ҳозир айтиш зарурмиди дегувчилар топилар.

Ҳа, айтиш, ёзиш, кўрсатиш керак, шарт бўлган мавзу бу.

Зеро, хатолар такрорланмасин. Ахир, бугун Самарқандда шаҳар қиёфасини бузиб бўлса ҳам 30 қаватли бинолар кўтариш қўлимиздан келади, бироқ Регистонни ҳеч ким қуролмайди! Регистон буюк фалсафани бағрида яширган сирли даргоҳ. Унинг қутқарилгани барча юртдошларимизга муборак бўлсин!

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг