Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уларнинг ўртасидан яна “қора мушук” ўтди

Уларнинг ўртасидан яна “қора мушук” ўтди

Трамп кўп масалаларда Макрон билан тил топиша олмаётир.

Фото: Reuters

АҚШ ва Франция ўртасида яна бир дипломатик зиддият юзага келди. Франция президенти Эммануэл Макрон кўп йиллик дўсти Орельен Лешевальени АҚШга элчи сифатида юборишга қарор қилганди, аммо Вашингтон мазкур дипломат номзодини тасдиқлашни атайин пайсалга солмоқда.

Орельен Лешевалье Франция президентининг маслаҳатчиси сифатида ишлаган, айни пайтда ташқи ишлар вазирлиги девонхона мудири вазифасида фаолият юритмоқда. АҚШ расмийлари дарғазаб бўлишига 49 ёшли дипломат Орельен Лешевальенинг алоқаси йўқ. Икки иттифоқчи ўртасида “қора мушук” ўтишининг сабаби бошқа.

Гап шундаки, жорий йил 24 июл куни БМТ Бош ассамблеясида Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Фолкер Тюркнинг ваколат муддатини узайтириш масаласида овоз бериш бўлиб ўтган эди. АҚШ Фолкер Тюрк олий комиссар сифатида фаолиятини давом эттиришига қарши чиққан. Унинг Ғазо секторида Исроил зўравонлигини танқид қилгани, АҚШ миграция хизмати хатти-ҳаракатлари  сабаб инсонлар ўлими юзасидан текширув ўтказишни талаб этгани АҚШ маъмуриятига ёқмаган.

Оқибатда АҚШ Фолкер Тюрк масаласида демократиядан йироқ деб кўриладиган давлатлар билан бир сафда овоз берган. Франциянинг БМТдаги доимий вакили идораси эса Қўшма Штатларнинг ушбу қарорини кескин танқид қилган.

«Қўшма Штатлар қачонлардир инсон ҳуқуқлари бўйича намуна эди. Бугун эса ундай эмас. Эндиликда у Шимолий Корея, Никарагуа, Мали ва Россия билан биргаликда изоляцияга тушиб қолди. Дунё ҳам ортиқ унга қулоқ солмаяпти», — деб ижтимоий тармоқларда пост эълон қилди Франциянинг БМТдаги доимий вакили идораси.

Бу баёнот Қўшма Штатлар ҳукуматида кескин эътироз уйғотди. Шу боис БМТ Хавфсизлик кенгашида Франция вакили Украина масаласида чиқиш қилаётган пайтда АҚШ дипломатлари зални намойишкорона тарк этишди.

Вашингтон бу билан чекланмай, эндиликда Франция юбормоқчи бўлган элчини маъқуллашни ортга сурмоқда.

Хабарларга кўра, Қўшма Штатлар маъмурияти Орельен Лешевалье номзодини маъқуллаш жараёнини чўзиш ёки уни буткул рад этиш ниятида. Бу билан “масъулиятсиз ва ҳурматсиз” баёнот берган Франциянинг ақлини киргизиб қўйиш кўзланган.

Вашингтон ва Париж ўртасидаги сиёсий ихтилоф илдизи, аслида, давлат раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликка бориб тақалади.

Франция президенти Эммануэл Макрон АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушини очиқ танқид қилган кам сонли сиёсатчилардан биридир. У Вашингтон ва Тел-Авивнинг ҳужумлари халқаро ҳуқуққа зид экани, масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини айтган.

Франция, шунингдек, Эронга қарши уруш доирасида ҳаракатланаётган АҚШ ҳарбий самолётларига ўз осмонини ёпди.

Бундан АҚШ президенти Доналд Трамп дарғазаб бўлгани маълум.

Эммануэл Макроннинг фикрича, Трамп маъмурияти Европа Иттифоқини пароканда қилишга уринмоқда. У Трампнинг Гренландияга эгалик борасида даъволарига ҳам кескин эътироз билдириб келмоқда.

Франция етакчиси, шунингдек, жорий йил апрел ойида ўрта даражадаги давлатларни АҚШ ва Хитой гегемонлигига қарши бирлашишга чақирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг