Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Умумий ўрта таълим муассасаларида аниқланган айрим муаммолар юзасидан сенатор сўрови юборилди

Умумий ўрта таълим муассасаларида аниқланган айрим муаммолар юзасидан сенатор сўрови юборилди

© Google

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Кадирханова томонидан Тошкент вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида аниқланган айрим муаммоли ҳолатлар юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлигига сенатор сўрови юборилди.

Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда умумий ўрта таълим тизимини ривожлантириш, ўқувчилар учун замонавий ва хавфсиз шароитлар яратиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, айрим ҳудудларда мактабларнинг моддий-техник ҳолати ва инфратузилмаси билан боғлиқ ечимини кутаётган масалалар мавжуд.

Хусусан, Нурафшон шаҳри “Оппоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби ва аҳоли яшаш ҳудуди оралиғи девор билан ўралмаган. Мактабнинг аҳоли билан туташган 900 метрлик чегара қисми очиқ бўлиб, бу мактаб ҳудудида экилган дарахт ва манзарали кўчатларга зарар етказилишига сабаб бўлмоқда. Президентнинг 2022 йил 12 майдаги ПҚ–241-сонли қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳудудларини ўраш ва бошқа зарур чораларни кўриш вилоят ҳокимликлари зиммасига юклатилган.

Бундан ташқари, Зангиота тумани “Ибрат” маҳалласида жойлашган 21-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар учун спорт зали мавжуд эмас. Мактабнинг спорт зали Зангиота тумани ҳокимининг 2017 йил 26 январдаги қарорига асосан бузилган бўлиб, етти йилдан бери янги спорт зали қуриб берилмаган. Натижада ўқувчиларнинг жисмоний тарбия машғулотлари тўлиқ ўтказилмаяпти.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сенатор томонидан “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига асосан Нурафшон шаҳридаги 10-сонли мактаб атрофини ўраш орқали ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Зангиота туманидаги 21-сонли мактабда жисмоний тарбия дарслари учун зарур спорт иншоотини барпо этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан мутасадди ташкилотлардан асослантирилган тушунтириш бериш сўралган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг