Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Урганчда ал-Хоразмий номидаги университет ва мактаб очилади

Урганчда ал-Хоразмий номидаги университет ва мактаб очилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 апрел куни Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш бўйича тақдимот билан танишди.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил августда Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишига асос солган эди. У ерда буюк олим номидаги университет ва ихтисослаштирилган мактаб ҳам бўлади.

Тақдимотда мазкур таълим масканларини ташкил этиш чора-тадбирлари, асосий йўналишлари ҳақида ахборот берилди.

Университетда 3 та: математика ва информатика факультети, аэрокосмик технологиялар муҳандислиги факультети ҳамда сунъий интеллект факультети бўлади. Уларда иқтисодиёт, ахборот технологиялари, саноат, хавфсизлик, энергетика ва экология каби соҳалар учун мутахассислар тайёрланади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида, кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.

Ўқув жараёнлари “Янги Ўзбекистон” университетининг тажрибаси асосида, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Қабулни 2025-2026 ўқув йилидан бошлаш режалаштирилган. Жами талабалар сони 4-6 минг атрофида бўлиши кўзда тутилган.

Шаҳарча ҳудудида Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий мактабининг филиали ҳам ташкил этилади. Унга 4-синф битирувчилари танлаб олинади. Таълимнинг якунловчи 2 йили муҳандисликка бошланғич тайёргарликка қаратилади.

Давлатимиз раҳбари университет ҳудуди нафақат таълим, балки Хоразмнинг тарихий-илмий ва туризм салоҳияти билан уйғун мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади. Ушбу замонавий таълим муассасаларини ташкил этишга оид ҳужжат имзоланди.   

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг