Уруш сув остига кўчмоқда: нишон — коммуникация кабеллари (видео)
Дунёнинг турли ҳудудларида кескинлик тобора ортиб бормоқда. Уруш деганда, одатда, кўз олдимизга танклар, ракеталар ва самолётлар келади. Аммо масаланинг бошқа, анча мураккаб томони ҳам бор. Нишонда дунёнинг деярли бутун алоқа инфратузилмасини таъминлаб турган сув остидаги оптик толали кабеллар турибди. Бу кабелларнинг узилиши глобал миқёсда тартибсизлик ва жиддий издан чиқишларга олиб келиши мумкин.
Россия ва Украина уруши, Эрон–Исроил–АҚШ учбурчагидаги воқеалар, Саудия Арабистони ва Ҳусийлар ўртасидаги инқироз... Буларга жаҳон денгиз йўлларининг энг муҳим нуқталари қаторига кирувчи Қизил денгиз ва Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши, Хитой ва унинг атрофида рўй бераётган воқеалар, Африкадаги жараёнларни ҳам қўшиш мумкин.
Эҳтимол, Иккинчи жаҳон урушидан бери глобал кескинлик илк бор бунчалик кенг ҳудудда бир вақтнинг ўзида кучаймоқда. Шу боис давлатлар ёки нодавлат ташкилотлар янги даврда ўз мавжудлигини сақлаб қолиш ва ўз таъсирини кучайтиришга интилаётгани кўриниб турибди.
Бу жараёнда жанговор самолётлар, танклар, зарбдор учувчисиз аппаратлар ва юқори технологияли ракеталар асосий эътиборда. Кимнинг бу соҳада имкониятлари кўпроқ бўлса, у рақиб устидан устунликка эришади, деган қараш мавжуд.
Бироқ мутахассислар бундай ёндашув ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда. Айниқса, сув остида ётган ва бутун сайёра бўйлаб алоқа ҳамда маълумотлар оқимини таъминлайдиган оптик толали кабеллар масалани бир зумда ўзгартириб юбориши мумкин. Бу эса барча томонлар зарар кўриши мумкин бўлган ўта мураккаб жараённи бошлаб бериши эҳтимолини оширади.
Яқинда Норвегия оммавий ахборот воситаларида тарқалган бир хабар ҳам эътиборни тортди. Хабарларга кўра, Россия кучлари Норвегия қирғоқлари яқинида муҳим сув ости кабелларини ишдан чиқариш имконини берувчи янги технологияни синаб кўришга уринган. АҚШ ва НАТО кучлари ҳудудга юборилган.
Россия нишонга олган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинган умумий узунлиги 1400 километр бўлган иккита оптик толали кабел ҳозирча зарар кўрмаган. Аммо маълумки, келгуси даврда бу масала ҳақида яна кўп гапиришимизга тўғри келади.
Сув остидаги оптик толали кабеллар зарар кўрса, қандай оқибатларга олиб келади?
Кибер дипломатия ва разведка тадқиқотлари маркази координатори Кубро Ўзден жараённи яқиндан кузатаётган мутахассислардан бири. Унинг таъкидлашича, сув остидаги оптик кабеллар аслида Америка, Европа, Африка, Осиё ва Австралияни бир-бирига боғлайдиган глобал тармоқни ташкил этади.
Дунёдаги маълумотлар алмашинуви ва интернет алоқасининг тахминан 99 фоизи денгиз остидаги оптик толали кабеллар орқали узатилади. Ўзденнинг фикрича, ушбу кабелларга жисмоний ёки кибер аралашув амалга оширилса, вазият жуда жиддий тус олиши мумкин.
Интернетдан фойдаланиш имкониятининг узилиши, банк ва тўлов тизимларининг ишдан чиқиши, транспорт ҳамда тиббий хизматларнинг издан чиқиши — бундай ҳолатда юзага келиши мумкин бўлган дастлабки оқибатлардан айримлари.
Албатта, масаланинг давлатлар ва разведка хизматлари билан боғлиқ томони ҳам бор. Ўзденнинг таъкидлашича, кабелларнинг қирғоққа чиқиш станциялари ва маълумот йўлаклари пассив тинглаш, сигнал разведкаси ва маълумотлар алмашинувини таҳлил қилиш орқали стратегик маълумотларни қўлга киритиш имконини беради. Шу сабабли сув ости кабеллари нафақат алоқа инфратузилмасининг, балки иқтисодий ва хавфсизлик тизимларининг ҳам муҳим таркибий қисмига айланган.
Демак, бу ерда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай жиддий ҳодиса деярли бутун инсониятга таъсир қиладиган оқибатларга олиб келиши билан бирга, разведка ва ҳарбий алоқаларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Атайлаб зарар етказиш хавфи юқори
Кубро Ўзденнинг таъкидлашича, бу масала фақат Шимолий Европада эмас, балки глобал миқёсда долзарб бўлиб қолмоқда.
Геосиёсий рақобатнинг муҳим нуқталаридан бўлган Қизил денгиз ва Ҳўрмуз бўғози каби ҳудудлардаги вазият ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳар икки ҳудуд ҳам қуролли тўқнашув ва саботаж хавфига жуда очиқ.
Ўзденнинг эслатишича, тарихда илк бор Ҳўрмуз бўғози ҳам, Қизил денгиз ҳам бир вақтнинг ўзида тижорий ҳаракат учун амалда ёпилган.
Унинг айтишича, Қизил денгиз орқали ўтадиган 17 та сув ости кабели Европа билан Осиё ва Африка ўртасидаги маълумотлар алмашинувининг катта қисмини ташийдиган тармоққа айланган.
Бу ҳудудлардаги заифликнинг аниқ мисоли сифатида 2024 йилда Қизил денгизда Ҳусийлар ҳужумлари натижасида учта йирик кабель узилгани ва уларни тўлиқ таъмирлаш тахминан олти ой давом этганини келтириш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, кабелларни ҳимоя қилишни фақат жисмоний хавфсизлик чоралари билан таъминлаб бўлмайди. Йўналишларни доимий кузатиб бориш, шубҳали денгиз ҳаракатларини аниқлаш, тезкор таъмирлаш имкониятини яратиш ва муқобил йўналишларни шакллантириш — инфратузилманинг барқарорлигини таъминлайдиган асосий омиллардир.
«Туркия ҳам бу соҳада муҳим рол ўйнайди»
Сўнгги вақтларда тез-тез эшитаётган атамалардан бири — «дрейфинг», яъни кеманинг назоратсиз ёки шубҳали тарзда сувда сузиб юриши билан боғлиқ ҳолат.
Бу атама оптик толали кабеллар ёки муҳим қувур тармоқлари ўтган ҳудудда кеманинг шубҳали тарзда секинлашиши ёки ҳаракатини ўзгартиришига нисбатан қўлланади.
Бундай ҳаракатлар «хариталаш» жараёни бўлиши мумкин, деб баҳоланади ва шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошираётган кемаларга зудлик билан аралашилади.
Ҳозирги маълумотларга кўра, Шимолий денгиздаги бундай воқеалар фаолияти аввалги йилларга нисбатан 52 фоизга ошган.
Хитой денгизида эса 18 мингдан ортиқ кема шундай ҳолатда экани ҳақида маълумотлар келтирилмоқда. Бу эса назоратсиз кемалар ҳаракати 88 фоизга ошганини англатади.
Бу барча жараёнлар орасида масаланинг Туркияга дахлдор жиҳати ҳам бор.
Аслида Туркия рақамли технологиялар, маълумотлар, интернет инфратузилмаси ва киберхавфсизлик соҳаларида чет давлатларга қарам бўлмасдан, ўз назорати ва миллий манфаатлари асосида қарор қабул қилиш масаласини миллий хавфсизлик масаласи сифатида кўради. У минтақадаги давлатлар билан тузилган денгиз юрисдикциясига оид келишувлар ва сув ости лойиҳаларига эътибор қаратмоқда.
Асосий хавф — муҳим инфратузилмалар саботаж ва гибрид таҳдидлардан етарли даражада ҳимоя қилинмаслиги эҳтимоли. Шунинг учун инфратузилмаларни миллий имкониятлар асосида кафолатлаш, муқобил йўналишларни ривожлантириш ва тезкор аралашув салоҳиятини ошириш ҳаётий аҳамиятга эга.
Агар бу уддаланса, Туркия Европа ва Осиё ўртасидаги маълумотлар оқимида кучли транзит марказига айланиши мумкин. Бу, албатта, бошқа соҳаларда ҳам Туркия устунлигини кучайтиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter