Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«UzHack» — хориждаги ватандошларни бирлаштирган илк халқаро ҳакатон

«UzHack» — хориждаги ватандошларни бирлаштирган илк халқаро ҳакатон

Латвиянинг Рига шаҳри уч кун давомида Болтиқбўйи мамлакатларида таҳсил олаётган ва ишлаётган ватандошларимизнинг инновацион марказига айланди. 2026 йилнинг 27–29 март кунлари бўлиб ўтган «UzHack» технологик ҳакатони нафақат IT-мусобақа, балки хориждаги ёш истеъдодларни ватан билан боғлаган кўприк бўлди.

Мазкур ҳакатон илк бор ўтказилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Тадбир «Ватандошлар» жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида, Латвия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси кўмагида йўлга қўйилди.

 

Ҳакатон доирасида инновацион ғоялар ва технологик ечимлар ишлаб чиқиш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек турли мамлакатларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар ўртасида барқарор профессионал алоқаларни шакллантириш асосий мақсадга айланди.

Тадбирда 70 нафардан ортиқ иштирокчи 20 та жамоага бирлашган ҳолда қатнашди. Иштирокчилар 48 соат давомида Ўзбекистон Марказий банки, Рақамли технологиялар вазирлиги, «Uzinfocom» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан тақдим этилган долзарб кейслар устида ишлади. Мазкур кейслар реал муаммолар асосида шакллантирилгани билан иштирокчиларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилди.

  

48 соат давом этган интенсив иш жараёнлари якунида ҳакамлар ҳайъати баҳосига кўра қуйидаги жамоалар ғолиб деб топилди: 1-ўрин — Осмондаги болалар, 2-ўрин — UzVision, 3-ўрин — Onetour, 4-ўрин — One Click.

«UzHack» халқаро ҳакатони ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни глобал инновацион муҳитга интеграция қилиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини халқаро майдонда намоён этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Мазкур лойиҳа келгусида анъанавий тарзда давом эттирилиши кутилмоқда.

Даврон Эргашев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг