Вазирлик ҳузуридаги ташкилот катта миқдордаги қарзини оилавий тадбиркорга тўлаб берди
2022 йил 5 август куни Тошкент шаҳрида фаолияти кўрсатувчи оилавий корхона билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси ўртасида шартнома тузилган. Унга асосан корхона томонидан 832 млн сўмлик автотранспорт хизматлари кўрсатилган.
Шартномага мувофиқ дирекция 30 фоиз миқдорида дастлабки тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган. Қолган 70 фоиз тўловни бажарилган ишлар тўғрисида далолатномалар ва ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилгандан сўнг амалга ошириши белгиланган.
Шунга қарамай, дирекция томонидан корхона тақдим этган ҳисобварақ-фактура имзоланмасдан, 832 млн сўмлик қарздорлик тўланмасдан келинган.
Охир-оқибат, корхона раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилган.
Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Шунингдек, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасида тарафлар тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шарт эканлиги белгиланган.
Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси томонидан қайд этилган ҳолатлар инобатга олиниб, кўрсатилган транспорт хизматлари учун қарздорликни тўлаб бериш чоралари кўрилди. Жорий йилнинг 22 май куни кўрсатилган транспорт хизматлари учун оилавий корхонага қарздорлик тўлиқ қоплаб берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter