Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Велотрек бўйича Ўзбекистон чемпионатида илк маротаба пара велоспортчилар ҳам иштирок этяпти (фото)

Велотрек бўйича Ўзбекистон чемпионатида илк маротаба пара велоспортчилар ҳам иштирок этяпти (фото)

Тошкентда велоспортнинг трек йўналиши бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди. Аҳамиятлиси, чемпионатда илк маротаба пара велоспортчилар ҳам иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий паралимпия ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби, «Асакабанк» ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган мазкур чемпионатда Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри терма жамоалари қатнашмоқда.

Чемпионат очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, фахрий спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор ва бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Юртимиз номини халқаро майдонда шарафлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда спортнинг, жумладан, велоспортнинг муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг қабул қилиниши, ҳужжатга мувофиқ, босқичма-босқич барча туманларнинг аҳоли учун қулай бўлган кўчаларида велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» ташкил этиш сингари вазифаларнинг белгиланиши  велосипед учиш, велоспорт билан шуғулланиш саломатлик учун кони фойда эканидан далолат.

Тадбир очилишида меҳмонлар ва чемпионат қатнашчиларига миллий таомимиз – сумалак тортиқ этилди. Бу эса спортчи ва меҳмонларга ўзгача баҳорий кайфият улашди.

Пара велоспорт тури бўйича тренер Дилмурод Сиддиқов мусобақанинг бу тарзда кўтаринки руҳда бошлангани спортчилар қайд этадиган натижаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатишини айтди.

— Республика миқёсида кучли спортчиларни жамлаган мазкур чемпионатда биринчи бор пара велоспортчиларнинг иштирок этаётгани тарихий бир воқеликдир. Миллий паралимпия ассоциациясида пара велоспорт тури очилганига кўп вақт бўлмаса-да, чемпионатда иштирок этиш истагини билдирганлар талайгина. Мазкур чемпионатда яхши натижаларни қайд этган спортчиларни саралаб олишни мақсад қилганмиз.

Чемпионатнинг биринчи кунида эркаклар ўртасида шахсий пойгада 4 км масофага кечган баҳсда Данил Евдакимов, аёллар ўртасидаги шахсий пойгада 3 км масофага ўтказилган мусобақада Янина Кускова биринчиликни қўлга киритди. Шунингдек, Янина Кускова аёллар ўртасидаги гуруҳ пойгада ҳам биринчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди.  Эркаклар ўртасидаги гуруҳ пойгада эса Камрон Мирзараҳимов биринчи ўринни эгаллади.

Пойтахтимиздаги велотрек базасида ташкил этилган мазкур Ўзбекистон чемпионати карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда  ўтказилаётган бўлиб, баҳслар 21 мартга қадар давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг