Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Виктор Орбанга мажбурияти эслатилди

Виктор Орбанга мажбурияти эслатилди

Орбан — Нетаняҳуни изчил дастаклаб келаётган сиёсатчилардан бири.

Фото: AP

Европа комиссияси вице-президенти Вера Йоурова Венгрия бош вазири Виктор Орбанга мамлакатнинг халқаро ҳуқуққа доир мажбуриятларини эслатди.

Аввалроқ Орбан Халқаро жиноят суди Исроил бош вазирини ҳибсга олишга ордер берганига эътироз билдириб, уни Венгрияга расмий ташрифга таклиф қилган эди. 

«Масъулиятли сиёсатчилар халқаро мажбуриятларини яхши биладилар. Тегишли ҳужжатларни имзолаган Венгрия Халқаро жиноят суди иштирокчиси саналади. Халқаро ҳуқуқ талабига кўра суд қарорларини томонлар ҳурмат қилиши керак. Яъни Халқаро жиноят суди қарорлари тегишли ҳужжатга имзо чеккан барча давлатлар учун, жумладан, Венгрия учун ҳам мажбурийдир», — деган Еврокомиссия вице-президенти.

Вера Йоуровага кўра, эҳтимолий жиноятчи саналган Нетаняҳуни ўз мамлакатига таклиф қилиш билан Венгрия битимларни очиқ бузган ҳисобланади. Бундан эса энг камида мамлакат обрўси тўкилади. 

«(Халқаро жиноят суди қарорини бажармасликнинг оқибати юзасидан) аниқ жавоб бера олмайман. Аммо мамлакат халқаро институтлардаги мажбуриятларини бузар экан, ўз обрўсига доғ туширади», — деган ЕИнинг юқори мартабали расмийси.

Аввал хабар берганимиздек, 21 ноябр куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлар содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.

Ушбу икки шахсга 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача бўлган муддатда Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси халқаро суд қарорини қўллаб-қувватлади.

Ғарбнинг кўплаб етакчи давлатлари халқаро суд қарорини ҳурмат қилишга чақирган бўлса-да, Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлмиш АҚШ унга қарши чиқди.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам халқаро суд қарорига риоя этилмаслигини таъкидлаб, инсониятга қарши жиноятларда гумонланаётган Бинямин Нетаняҳуни меҳмонга таклиф қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг