Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро жиноий гуруҳ нишон сифатида Тошкентни танлади (видео)

Халқаро жиноий гуруҳ нишон сифатида Тошкентни танлади (видео)

Скрин: «Ўзбекистон» телеканали

Украиналик фуқаролар уюшган жиноятчилар ҳамда махсус мослама ёрдамида «Orient Finance Bank»ни ўмармоқчи бўлганида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушлангани ҳақида хабар бергандик. «Ўзбекистон» телеканалида ушбу ҳодиса тафсилотларига бағишланган кўрсатув намойиш этилди.

ДХХ ва Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари натижасида пойтахтимиздаги банклардан бирида катта миқдордаги пулни ўғирлаш учун чет элдан келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, дейилади кўрсатувда.

Аниқланишича, мазкур гуруҳ турли давлатлардаги банкларни ўмариш билан шуғулланиб келган. Хусусан, 2015-2018 йилларда 50 дан ортиқ жисмоний шахснинг банкларда сақланаётган 3,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари айнан ушбу гуруҳ томонидан устамонлик билан ўғирлаб кетилган. Россия, Украина, Беларусь, Молдова, Македония каби давлатлар банк муассасаларининг ҳимоя тизимлари уларнинг олдида ожизлик қилган.

Македониядаги банкларнинг бирида амалга оширилган ўғирликдан сўнг гуруҳ аъзолари Туркиянинг Истанбул шаҳрида учрашишади ва кейинги нишон сифатида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри танлашади.

Гуруҳ аъзоларининг мақсади Тошкентдаги банкларнинг бирида мижозларга тегишли шахсий қутичаларда сақланаётган пулларни қалбаки калитлар ёрдамида ўғирлаш бўлган. Бунинг учун аввалига банк биноси кўздан кечирилган. Сўнгра гуруҳ аъзоларидан бири банк ҳисобрақамларидан фойдаланиш баҳонасида валюта ҳисобрақами очган. Иккинчиси эса ижарага депозит қутича олган.

Жумладан, ўғрилик режалаштирилган банкда ўз қутисини текшириш боҳонасида 18 марта мижозлар қутиси сақланадиган хонага кириб чиққан ва 140 та қутичанинг пултини махсус видеокамерага муҳрлашга улгурган. Бу ишни Украина фуқароси, Вячеслав Шеремет бажарган.

Жиноятга тайёргарлик жараёни билан танишиш мақсадида гуруҳ етакчиси, АҚШ фуқароси Алекс Тошкент шаҳрига келади. Сўнг гуруҳнинг яна бир аъзоси бир неча бор судланган Украина фуқароси Алек Дубровский билан «Ўзбекистон» меҳмонхонасида учрашади ҳамда режалаштирилаётган ўғирлик масаласини муҳокама этишади. Қирғизистондан калит ясовчи махсус ускуна келтирилади. Украин фуқароси Владислав Бутс ушбу ускуна ёрдамида видеотасвирларга қараб 18та қутача калитини ясайди.

Алекс ва Дубровский маълум муддатдан сўнг бири Олмота шаҳрига, иккинчиси эса Нью Йорк шаҳрига учиб кетади. Владислав Бутс ва Вячеслав Шеремет эса Тошкентда қўлга олинади.

Ҳозирда қўзғатилган иш доирасида тергов-суриштирув ишлари олиб борилиб, гуруҳнинг бошқа аъзоларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг