Хиросимага атом бомбасини ташлаган учувчининг кундалиги сотувга қўйилди
Хиросимага атом бомбасини ташлаган «Enola Gay» бомбардимончи самолёти учувчиларидан бири — Роберт Люиснинг кундалиги Калифорнияда 950 минг долларга сотувга қўйилди. Бу ҳақда Washington Post нашри хабар берди.
Кундалик муқовасида: «Роберт А. Люиснинг мулки... 1945 йил 6 август куни Хиросиманинг бомбардимон қилиниши», деб ёзилган. Қайдлар орасида биринчи атом бомбаси ташланганидан кейин ёзилган машҳур: «Худойим, биз нима қилиб қўйдик?» (My God, what have we done?) деган жумла ҳам бор.
Нашр маълумотига кўра, антиквар Дэн Уитмор ушбу кундаликни унинг «бадавлат эгаси топшириғига биноан» сотмоқда. Бу лот бешинчи марта кимошдига чиқарилмоқда. Илк бор у 1971 йилги аукционда 37 минг долларга сотилган эди. Ўша савдода Роберт Люис шахсан қатнашган (у 1983 йилда вафот этган).
«Бу, эҳтимол, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Кўп жиҳатдан бу XX асрда бутун дунё учун бурилиш нуқтаси бўлган», — деди Уитмор Washington Post билан суҳбатда.
Маълумот учун: 1945 йил 6 августда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Хиросимага «Кичкинтой» деб номланган уран бомбасини ташлаган. Орадан уч кун ўтиб, Нагасакига «Бақалоқ» номли плутоний бомбаси ташланган.
Портлаш оқибатида Хиросима деярли бутунлай вайрон бўлган, ўша лаҳзанинг ўзида 70 мингдан 80 минггача киши ҳалок бўлган. 1945 йил охирига келиб, нурланишни ҳам ҳисобга олганда, қурбонлар сони 166 минг кишига етган. Нагасакидаги иккинчи портлаш эса 70 минг аҳолининг ёстиғини қуритган. Атом бомбалари ташланганидан сўнг бир неча кун ўтиб, 14 августда Япония расман таслим бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter