Хитойдаги энг катта чўл остида улкан сув манбалари топилди
Геологлар Хитойдаги энг катта чўл остида иккита йирик сув манбасини аниқлашди. Ерости сувлари Шинжон-Уйғур мухтор туманидаги Такламакон саҳросида олиб борилаётган қидирув лойиҳаси доирасида топилди, деб хабар берди South China Morning Post.
Ҳозирда ушбу қурғоқчил воҳада кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва чўлланишга қарши кураш кетмоқда. Янги сув манбаларидан бири ҳаракатланувчи қумликлар бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган Такламаконнинг жануби — Минфэн туманидаги Андир қишлоғи ҳудудидан топилган бўлса, иккинчиси саҳро бағридаги Мозортоғ жанубий қисмидан чиқди.
Олимлар ушбу лойиҳа доирасида шўрхок сувлардан фойдаланиш бўйича махсус синов станциясини ташкил этишди. Бундай сув таркибидаги туз миқдори оддий ичимлик сувидагидан кўп, аммо денгиз сувидагига қараганда камроқдир. Ундан саҳро чегаралари бўйлаб экинларни суғориш ва қум кўчишининг олдини олишда фойдаланиш кўзда тутилган.
Маълумот учун: Такламакон (маъноси — тарк этилган макон, жой) чўли майдони 337 600 квадрат километрни ташкил этади, яъни катталиги бўйича деярли Германия билан тенг. Кўчиб юрувчи қум барханлари ва ўта оғир иқлими туфайли чўл маҳаллий аҳоли орасида «ўлим денгизи» номини олган. Аммо кейинчалик «денгиз» номи ўзини оқлади: 2015 йилда саҳро тубида яшириниб ётган улкан уммон аниқланди. Бу ердаги сув ҳажми Шимолий Америкадаги бешта Буюк кўлнинг умумий сув миқдоридан ҳам кўп.
Қум бўронларининг олдини олиш ва маҳаллий инфратузилмани ҳимоя қилиш мақсадида, саҳро атрофида дарахтлар, буталар ва қуёш панелларидан иборат узунлиги 3 050 километрлик улкан яшил белбоғ барпо этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter