XXI асрдаги бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган – профессор

Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ҳалок бўлди. Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи профессори Майкл Спагат бошчилигида илмий тадқиқот олиб борган олимлар гуруҳи ана шундай хулоса келди.
Тадқиқотда аниқланишича, Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан 2025 йил январь ойига қадар 80 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган. Демак, 2,3 млн аҳолининг ҳар йигирма бешинчиси ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Ўлим кўрсаткичи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этаётган статистикадан ҳам кўпроқни ташкил этмоқда. Фаластин томони 11 июль куни эълон қилган ахборотда Ғазо урушида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 57823 нафарга етгани қайд этилган.
“Ғазо секторида аҳолининг 4 фоизи ўлдирилган. XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган. Кичик ёшдаги болалар ўлими жуда кўп бўлиб, бу ҳам мисли кўрилмаган ҳолатдир”, – дейди профессор Майкл Спагат.
Олимлар гуруҳи ўз тадқиқотини Европа Иттифоқи ва бошқа хайрия ташкилотлари ҳомийлигида фаолият юритиб келаётган Фаластин сиёсат ва ижтимоий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда олиб борган.
Профессор Спагат Ғазо секторида очлик ва хасталик кўлами ортиб бораётгани, бинобарин, қурбонлар сони ҳам шиддат билан ўсишидан огоҳлантирган.
Исроил армияси Ғазо секторини сўнгги кунларда бомбалаши оқибатида камида 110 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Жумладан, Исроил ва АҚШ ташкил этган гуманитар кўмак тарқатиш масканларида озиқ-овқат олгани келган 34 киши ўлдирилган.
Хабарларга кўра, инсонпарварлик кўмаги тарқатиш шохобчалари “оммавий қатлгоҳ”ларга айланмоқда. Аввалроқ Associated Press агентлиги Ғазо секторидаги инсонпарварлик жамғармасининг америкалик ходимлари ёрдам сўраб келган тинч аҳоли вакилларини ўққа тутгани ҳақида ёзганди.
Маълумот ўрнида: ўтган йили Буюк Британиянинг “The Lancet” тиббий журнали Ғазодаги қурбонлар сони бўйича янада даҳшатли рақамларни эълон қилганди. Унга кўра, 2023 йил октябрдан 2024 йил июлга қадар қирғинбаротда 2,4 миллион ғазоликларнинг 7,9 фоизи ёки 186 минг киши ҳалок бўлган.
Буюк Британиядаги Oxfam хайрия ташкилоти ҳам Ғазода XXI асрдаги барча йирик қуролли зиддиятлардан кўпроқ ўлим кузатилаётганини маълум қилганди.
Унга кўра, Исроил ҳарбийлари ҳар куни Ғазода ўртача 250 кишини ўлдирмоқда. Бу XXI асрда Cурия (кунлик 96,5 та ўлим), Судан (51,6), Ироқ (50,8), Украина (43,9), Афғонистон (23,8), Яман (15,8) каби мамлакатларда рўй берган урушлардаги талафотлардан бир неча баробар кўпдир.
БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.
“Save the Children” ташкилоти ҳисоб-китобича, қирғиннинг 9 ойига келиб, 21 мингга яқин фаластинлик бола дом-дараксиз йўқолган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter