Яна қизлар зўрланди. Бу сафар Қўқонда!
Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ходимларидан бир нечтаси ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда. Бу ҳақда Turon24 агентлиги хабар берди.
Қўқон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳардаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизларнинг номусига тегилгани юзасидан тергов бошланганини айтди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида саломатлигида ва хулқида нуқсони бор ўқувчилар ўқийди. Маълум бўлишича, коллежнинг 16 ёшли ўқувчиси ҳомиладор бўлиб қолган. Қўқон шаҳар прокуратураси аноним сўроқ ўтказган. Шунда бошқа қизлар ҳам жинсий зўравонлик қурбони бўлишгани ҳақида ёзиб беришган.
“Шаҳар прокуратураси шу йилнинг 15-20 октябрь кунлари коллежнинг молиявий, ташкилий ва тарбиявий ҳолати бўйича тафтиш ўтказган. Барча ходимлардан тушунтириш хати олинган. Ҳозир гинекологлар ҳам ўқувчи қизларни текширувдан ўтказишмоқда. Уларнинг 80 фоизи зўрлаш қурбони бўлган бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг “номусга тегиш”, “жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш”, “ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш”, “мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш” сингари моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.
Коллеж директори давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш; директорнинг ҳайдовчиси, коллеж қоровули, ёшлар етакчиси ва руҳшуноси жинсий зўровонликда айбланиб, ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш воқеа Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйида ҳам кузатилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter