Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги Ўзбекистонда узлуксиз таълим: Учинчи Ренессанс сари йўл

Янги Ўзбекистонда узлуксиз таълим: Учинчи Ренессанс сари йўл

фото:хаbar.uz

Тараққиётнинг тамал тоши

Ҳаракатлар стратегияси ва унинг мантиқий давоми саналмиш Тараққиёт стратегияси доирасида, ривожланган давлатлар каби узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб бориш, малакали кадрларни тайёрлашдаги сезиларли ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар соҳанинг барча босқичларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Ислоҳотларнинг, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасида бошланиши ҳам бежиз эмас. Чунки болалар тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти бугунги глобаллашув жараёнида кўпроқ кўзга ташланмоқда. Мазкур соҳага бўлган эътибор мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади. 2019 йил 16 декабрдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунда ушбу соҳага доир давлат кафолатлари ва бошқа муҳим масалалар белгилаб қўйилди. Юртимизда илк бор Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ташкил этилгани ҳам соҳадаги асосий ислоҳотлардан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди. Бугун йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилаётгани, хусусий ва давлат шерикчилиги асосидаги МТМлар сони ошиб, беш минг 200 тадан қисқа вақт ичида 20 мингдан ортгани, болаларни қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 80 фоизга, мактаблар сони 9719 тадан салкам 11 мингга етказилгани, ўқитувчилар иш юкламаси мақбуллаштирилиб, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, шунингдек, истеъдодли болаларни танлаш, уларни тўғри йўналтириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмак бера оладиган тамоман янгича таълим тизими – Президент мактаблари, Ижод мактаблари ташкил этилгани, турли фан ва йўналишлар чуқурлаштириб ўқитиладиган хусусий таълим муассасалари ҳам амалий ҳаракатларнинг натижасидир.

фото: Маърифат.уз

Таълим ва тарбия узлуксиз жараён бўлиб, ривожланаётган дунёга мос тарздаги ислоҳотларни талаб қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда 2025 йил 9 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини ҳам услуб, ҳам педагогларнинг касбий маҳорати жиҳатидан қайта таъминлаш зарурлигини таъкидлаган эди. “Биз қамровни кенгайтириш учун барча шароитларни яратяпмиз, лекин болалар боғчаларига янги руҳ, янги методикалар кириб келиши керак ва тарбиячилар малакаси ушбу талабларга мос бўлиши шарт”.

Шу муносабат билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим муассасаларида “Мактабгача ва бошланғич таълим” йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлаш илғор халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган таълим дастурлари асосида амалга оширилади: бир кун назарий ўқув, беш кун амалиёт. Бу тизим ўрта махсус маълумотга эга тарбиячиларга мўлжалланган. Ҳар йили бунинг эвазига ўн мингга яқин янги олий маълумотли мутахассис болалар боғчаларига ишга келиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тарбиячиларга услубий ёрдам бериш ва уларнинг педагогик маҳоратини ошириш мақсадида 2026–2028 йилларда мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида болаларни ривожлантириш инновацион марказларини ўз ичига олган “Янги авлод” бренди остида таянч болалар боғчалари ташкил этилади. Тизимни сифат бўйича янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган ушбу ўзгаришлар Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 19-сонли фармонида белгилаб берилган.

Президент таъбири билан айтганда, дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқШу боис янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур. Ижтимоий соҳалардаги барча саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадларга қаратилган. Хусусан, охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилиб, 60 триллион сўмгача етказилди. Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўрин яратилди. Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга ўндан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти. Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди. Мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 10 миллионгача кўтарилди. Таълим дастурлари энг илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилмоқда, дарсликлар янгиланяпти, мактабларга замонавий жиҳозлар олиб бериляпти. Энди муаллимлар янги методикаларни ўзлаштириб, болаларга яхши билим бериши керак.

 

фото: Хабар.уз

Олий таълимда янги Уйғониш даври

Сир эмас, узоқ йиллар мобайнида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги айрим коррупцион ҳолатлар, турли адолатсизликлар фуқароларнинг бу борадаги жиддий эътирозига сабаб бўлиб келди. Шунингдек, ушбу йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, синовлар натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар давр талабларига тўлиқ жавоб бера олмади. Бу ҳол манфаатдор жамоатчилик, айниқса, ота-оналар  норозилигини келтириб чиқарар, ўша даврда ҳар йили уларнинг ушбу масала юзасидан қарийб тўрт мингдан зиёд асосли мурожаатлари масъул идораларга келиб тушар эди. Бу эса кириш имтиҳонларини ташкил этиш жараёнини тубдан ўзгартиришни тақозо этди. Шу сабабдан ҳам 2017 йилнинг 16 ноябрида “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3389-сонли қарори қабул қилиниб, унда тест синовлари июл-август ойларида катта сиғимдаги биноларда адолатли, холис ва шаффоф ўтказилиши белгиланди ва бу 2018-2019 ўқув йилида илк маротаба синовдан ўтказилди.

Имтиҳонларни ошкора ва шаффоф тарзда ўтказиш мақсадида абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари ёрдамида текширилди, тест синовлари кузатув камералари ёрдамида назорат қилинди. Жараёнлар абитуриентларнинг ота-оналари учун бевосита катта мониторларда, интернет тармоғи ва телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.

Илгари олийгоҳларга ўқишга кириш жуда қийин бўлган. Квоталар кам, қабул имтиҳонларида турли муаммолар бор эди. Келинг, 2006-2016 йилларни қамраб олган ўн йиллик даврни кўриб чиқайлик. Шу давр мобайнида Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул квотаси деярли ўзгаришсиз қолди. Масалан, 2005-2006 ўқув йилида квота бўйича 57485 нафар талаба ўқишга қабул қилинган бўлса, 2016-2017 ўқув йилида бу кўрсатгич 57907 нафарни ташкил этди. Айрим ҳолларда баъзи таълим йўналишларида бир ўринга йигирма нафардан ҳам кўп талабгор тўғри келар, талабаликка номзодларнинг кўплиги туфайли етарлича билимли ёшлар ҳам олий маълумот олиш имкониятидан маҳрум бўлар эди. Битта университетга, бир йўналишга қайта-қайта тест топшириб, юқори балл олсада, талаба бўлолмаган ёшларни кўп кўрганмиз. Умуман олганда, 2017 йилгача Ўзбекистонда ёшларни олий таълим босқичига қамраб олиш кўрсаткичи 9-10 фоиздан ошмаётган эди. Ушбу муаммоларнинг ечими Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 14 майдаги  “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб берилди. Соҳавий ислоҳотларнинг давом сифатида қабул қилинган ушбу қарорга асосан 2019-2020 ўқув йили қабули доирасида абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди; давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига ўқишга кириш учун абитуриентларга Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди. Натижа кўп куттирмади: 2017–2021 йилларда ёшларни олий таълим босқичига қамраб олиш кўрсаткичи олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етган бўлса, бугунги кунда 47 фоизни ташкил этмоқда. Президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган ва соҳадаги янги ислоҳотлар учун дастуруламал вазифасини бажараётган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепсиясида эса мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш белгиланди.

фото: Хабар.уз

Сифатли кадрлар тайёрлашда соғлом рақобат

Дарҳақиқат, мамлакатимизни келгуси беш йилдаги тараққиётини белгилаб берган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги юзта мақсадларда ҳам таълим ва тарбия йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди.

Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони ва сифатида катта ўзгаришлар рўй берди. Агар 2016 йили мамлакатимизда 69 та олийгоҳ бўлган бўлса, 2020/2021 ўқув йилига келиб бу рақам салкам икки баробарга ошган. 2024/2025 ўқув йили бошига эса республикамизда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларининг (филиалларни ҳам ҳисобга олганда) умумий сони 222 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2015/2016 ўқув йили бошига нисбатан таққослаганда 153 тага ёки 3,2 баробарга ортган. Уларда бир ярим миллионга яқин талабалар таҳсил олмоқда.

Олий таълим тизимидаги трансформация жараёнлари натижасида Тошкент  давлат аграр университетининг Нукус ҳамда Термиз филиаллари, Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали негизида алоҳида институтлар ташкил этилди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, унинг Бухоро ва Қарши филиалларига алоҳида институт мақоми берилди.

Мамлакатимизда чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, Андижон ҳамда Наманган давлат чет тиллар институтлари, Самарқанд давлат университети ҳузурида Муҳандислик институти ва Ургут филиали ташкил этилди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университети иқтидорли ёшларимиз учун яратилган алоҳида имконият бўлди. Шу билан бирга, юртимизда хорижий етакчи университетлар филиаллари ташкил этилди. Бунда Санкт-Петербург давлат университети, Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети, Қозон федерал университети, Италиянинг Пиза университети филиалларини алоҳида қайд этиш лозим. Бундай салоҳиятли хорижий университетлар фаолияти маҳаллий олийгоҳларнинг ривожланишига ҳам ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Тизимга нодавлат ва хусусий секторнинг кириб келиши ҳам ижобий ҳолат бўлди. Бу, бир жиҳатдан, олий таълимнинг қамровини кенгайтирса, иккинчи томодан, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ўзаро ижобий рақобатни таъминлаб, тизимда бозор қонунлари ишлашини бошлаб берди. Натижада ҳар бир олий таълим муассасаси сифатли кадрлар тайёрлаш учун курашмоқда.

Ислоҳотлар натижасида олий таълим жараёни тўлиқ кредит-модул тизимига ўтказилди. Асос сифатида Европанинг ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) тизими қабул қилинди. Олий таълимдан кейинги таълимнинг икки поғонали таянч докторантура (PhD) ва докторантура (Doctor of Science) тизими жорий этилди.

Ўзбекистон минтақанинг таълим ҳабига айланади

Шавкат Мирзиёев олий таълимдаги ислоҳотлардан асосий мақсад Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан ҳабига айлантириш эканини бот-бот таъкидлайди. Бунга асос бор, албатта.

Маълумотларга кўра, ҳозир тўртта олийгоҳ дунёдаги топ-мингталикка кирган. Яқин йилларда уларнинг сони 10 тага етказилади. Шу билан бирга, олийгоҳларда дунёдаги Топ-500 таликка кирувчи университетлар билан ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда дунёдаги Топ-100 таликка кирган университетлар филиаллари очилади. Бу мақсадларга эришиш учун келгуси йилда ўндан зиёд халқаро ташкилотлар, 500 та нуфузли олийгоҳ ректори, мингдан ортиқ халқаро экспертлар иштирокида Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилади. Хорижлик талабалар сони беш баробарга оширилиб, таълим экспорти 200 миллион долларга етказилади.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки таълим-тарбия келажак, ҳаёт-мамот масаласидир. Мамлакатимиз аҳолисининг 65 фоизини ёшлар ташкил этар экан, юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосини ташкил қилади. Шунинг ўзиёқ олий таълимдаги ислоҳотлар чуқур ўйланган ҳолда олиб борилаётганини англатади.

Усмонжон Йўлдошев,

журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг