Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги Тошкентга элтувчи 21 километрлик метро қурилади

Янги Тошкентга элтувчи 21 километрлик метро қурилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июн куни Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш ва жамоат транспорти лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Сўнгги йилларда изчил ошган инвестициявий жозибадорлик туфайли пойтахтимизда бунёдкорлик суръати жадал. Кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, маданият ва спорт мажмуалари шаҳар имкониятларини кенгайтирмоқда. Янги Тошкент қурилиши ҳам бошланиб, иккиси замонавий мегаполисга айланмоқда.

Узоқ йиллар хизмат қиладиган бундай ишларда, албатта, сифат жуда муҳим. 13 май куни шу масала бўйича йиғилиш ўтказилган эди. Давлатимиз раҳбари қурилишда сифат ва хавфсизлик биринчи ўринда эканини таъкидлаб, бу йўналишларни илмий ривожлантириш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берганди.

Бугунги тақдимотда шу борада бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Топшириққа биноан, янги лойиҳалаштирилаётган кўп қаватли биноларнинг хавфсизлик талабларига мослиги қайта ўрганиб чиқилган. “ЎзГАШКЛИТИ”, Фанлар академияси Сейсмология институти, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, санитария-эпидемиология каби 10 га яқин ташкилотнинг илмий-техник хулосалари олинган. Янги талабга кўра, кўп қаватли биноларнинг зилзилага бардошлилиги 9 баллдан кам бўлмайди. Ҳар бир шундай лойиҳа бўйича йиғма хулосалар қилинади.

Осмонўпар иншоотлар, янги мажмуалар кўпайгани сари уларга барқарор электр энергияси ҳам зарур. Шу боис Чилонзор туманида 160 мегаваттли янги подстанция қурилиши режалаштирилган. Бу орқали шу ҳудуддаги бўлажак лойиҳалар учун қўшимча қувват пайдо бўлади, ҳозирги тармоқларга юклама тушмайди.

Шунингдек, ушбу туманда 20 минг метр куб сиғимга эга сув резервуари барпо этилиши мўлжалланган. Натижада Шайхонтохур, Чилонзор ва Учтепа туманларида ичимлик суви таъминоти узлуксизлиги таъминланади. Кунига қарийб 8 минг киловатт соат электр тежалади.

Тошкент шаҳри кўплаб ишбилармонлик тадбирлари, форум ва кўргазмаларга мезбонлик қилмоқда. Шундай жойлардан бири Central Asian Expo Uzbekistan – CАEх мажмуаси. Халқаро анжуманлар доирасида турли учрашувлар ҳам ўтказилишини инобатга олиб, бу ерда музокара заллари қурилиши кўзда тутилган.

Шаҳар жозибадорлигининг яна бир муҳим омили – қулай жамоат транспорти. Пойтахтимизда ҳам автобус, ҳам метрополитен йўналишлари изчил кенгайтириб борилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Буни 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Тошкент ҳалқа йўлигача ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳасининг шоҳ бекатигача ерости йўли барпо этилади.

Шунингдек, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида мазкур темир йўлни Тошкент ҳалқа йўли остидан ўтказиш назарда тутилмоқда. Ерости йўналиши ҳам кўчадаги ҳаракатни тўхтатмаган ҳолда қурилади. Бу янги метро йўли 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.

Бу соҳадаги яна бир истиқболли лойиҳа – Янги Тошкент шаҳрига метро йўлидир. У ҳозирги “Дўстлик” метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради. Узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро кунига 230 минггача йўловчиларни қамраб ололади.   

Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари қурилиш сифати ва маданиятини ошириш, одамларга қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг