Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония Ўзбекистон шифохоналарига 5,7 миллиoн дoлларлик ускуналар тақдим этади

Япония Ўзбекистон шифохоналарига 5,7 миллиoн дoлларлик ускуналар тақдим этади

14 ноябрь куни Тошкентда Япония ҳукумати томонидан амалга оширилаётган 859 миллион иена (тахминан 5,6 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги “Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури” беғараз ёрдами доирасида алмашинув нотаси имзоланди. Ҳужжатга Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кенжи Ҳирата ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров имзо чекди.

Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу дастур доирасида Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги жами 17 та давлат шифохоналари Японияда ишлаб чиқарилган маммография скрининг ускуналари билан жиҳозланади, бутун мамлакат бўйлаб маммография скрининги хизматлари кенгайтирилади.

Ушбу лойиҳа кўкрак бези саратонини эрта ташхислашни осонлаштириши ва замонавий япон технологияларини жорий этиш орқали соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳам Япoния ҳукуматининг грант дастури дoирасида маммoграфия аппаратларининг етказиб берилиши аёлларни кўкрак бези саратoнини эрта аниқлашга қаратилган скрининг дастурлари билан тўлиқ қамраб oлишда муҳим ўрин тутишини қайд этган.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил декабрь ойида Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти доирасидаги ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилишида расмий Токио Марказий Осиёда барқарор тараққиётга эришиш мақсадида “инсонларга сармоя киритиш” ва “ўсиш сифати”га алоҳида урғу берадиган янги модел асосида ҳамкорликни ривожлантиришга қарор қилган эди.

Ўзбекистон ва Япония ўртасида жорий йил бошида ҳам умумий қиймати 22,953 млрд иена бўлган “Соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш лойиҳаси” бўйича алмашинув нотаси имзоланганди.

Кунчиқар ўлка Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган дастурларни молиялаштираётгани маълум.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг