Йил бошидан буён Ўзбекистон самолётларида 5 та ўлим ҳолати қайд этилган

«Uzbekistan Airports» самолётда учишга қарши тиббий кўрсатмалар борасида йўловчилар билиш керак бўлган айрим маълумотлар билан бўлишди.
Қайд этилишича, агар йўловчида ўткир ёки сурункали касалликлар мавжуд бўлса, парвозлар саломатлик учун потенциал хавф туғдириши мумкин. Босимнинг ўзгариши, ҳаракатнинг чекланганлиги ва бошқа парвоз хусусиятлари йўловчи ҳолатини оғирлаштириши мумкин, шунинг учун баъзи тиббий кўрсатмалар билан парвоз хавфли бўлиши ва айрим ҳолларда йўловчи рейсдан олиниши мумкин.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистон аэропортларида 46 нафар йўловчи соғлиғи сабабли парвозга қўйилмади. Жорий йилнинг олти ойида эса 61 йўловчига парвоз қилишга рухсат берилмаган.
«Нохуш ҳолатларнинг аксарияти парвоз вақтида рўй беради, шу боис йўловчилар юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан билишлари ва ҳаво қатновига қарши кўрсатмаларни инобатга олишлари зарур.
Шундай қилиб, 2024 йилда 14 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан 11 таси самолёт бортида, 3 таси Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида содир бўлган. 2025 йилнинг ҳозирги кунига қадар эса 5 та ўлим ҳолати қайд этилган ва уларнинг барчаси манзилга етиб боргунга қадар самолёт бортида рўй берган», – дейди «Uzbekistan Airports» тиббий хизматни ривожлантириш бўлими бошлиғи Севара Салихова.
Учишга қарши асосий тиббий кўрсатмалар:
- яқин орада ўтказилган жарроҳлик операциялари;
- ўткир юрак-қон томир касалликлари (масалан, юрак хуружи, беқарор стенокардия);
- инсульт ва бошқа ўткир неврологик ҳолатлар;
- Пневмоторакс, оғир бронхиал астма, пневмония;
- тромбоемболия, фаол қон кетиш, оғир анемия;
- қулоқ, бурун бўшлиқлари ва кўзларнинг баротравмаси;
- ҳомиладорликнинг сўнги босқичлари, айниқса оғир асоратлар бўлса.
Шунингдек, учиш мумкин бўлмаган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.
Тиббий қарши кўрсатмалар бўйича қўйиладиган талаблар турли хил авиакомпанияларда бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Баъзи ҳолларда, авиаташувчи шифокор маълумотномасини талаб қилиш ҳуқуқига эга - масалан, беқарор ташхислар, кислород билан қўллаб-қувватлаш зарурати, тиббий назорат ёки ҳомиладорликнинг сўнги босқичларида.
Парвоз олдидан тавсиялар:
- муайян авиакомпания қоидаларини ўқинг;
- агар сизда бирон бир касаллик бўлса, шифокорингизга мурожаат қилинг ва маслаҳатлашинг;
- агар керак бўлса, олдиндан тиббий маълумотнома олинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter