Йўлларда тротуарлар мавжуд эмаслиги болалар ўлимини кўпайтиряпти – Болалар омбудсмани

Бугунги кунда масъуллар томонидан йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кучайтирилган бўлса-да, улар ҳали етарлича эмас. Бу масала комплекс равишда ҳал этилиши муҳим.
Бу ҳақда Болалар омбудсмани ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган амалий учрашувда гап борди.
Қайд этилишича, ҳозирда болалар билан содир бўлаётган ЙТҲнинг катта қисми турар-жой ҳудудларида кичик ёшдаги болаларнинг қаровсиз қолдирилаётганлиги ҳамда ота-она назорати бўлмай ўсмир болалар автомашина ҳайдашига йўл қўйилиши оқибатида юз бераётганлиги туфайли маҳаллаларда тарғибот тадбирларини фаоллаштириш, бундай нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ота-оналар масъулиятини кучайтириш талаб этилади.
Шу ўринда, йўлларда тротуарлар мавжуд эмаслиги ҳам болалар ЙТҲ қурбони бўлаётганлигининг жиддий омили эканлигига эътибор қаратилиб, бунинг олдини олиш учун зарурий чораларини кўриш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш – умумий мақсад эканлигига урғу берилиб, бу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, айни пайтга қадар «Хавфсиз болалик» тадбирлари доирасида республика ҳудудларидаги мактаблар олдида 425 та светофорлар, 865 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари, 1599 та сунъий нотекисликлар ва 7598 та темир панжаралар ўрнатилган.
Шунингдек, 5 150 та мактабда Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус синфхоналари ташкил қилиниб, ўқувчилар учун 42 355 та «хавфсиз йўналиш харитаси» ишлаб чиқилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter