Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Ёшларнинг бўш вақти ёки саводсизликнинг илдизи қаерда?

Ёшларнинг бўш вақти ёки саводсизликнинг илдизи қаерда?

«Ёшлар» сўзи айнан неча ёшдаги шахсларни қамраб олишини аниқлаб олсак, шунда муаммони муҳокама қилиш осонлашади. Юқори синфга ўтиб, то олийгоҳни битирибми ёки ҳунар эгаллабми? Албатта, бир ишнинг бошини тутиб, шахсий ҳаётини йўлга қўйган ва бу йўлда тажриба орттираётган киши борки, уларга ёшлар атамаси қўлланаверади.

Бугун «Ёшларнинг бўш вақти, бўш вақти» деймиз! Ўзи ёшларда бўш вақт қоляптими? Ҳаммаси ўқиш, иш, репетиторларга қатнаб, кечаю-кундуз илм олиш билан банд. Хўш, агар бўш вақти қолмаётган бўлса, уларни саводсизликка бошлаётган иллатлар илдизи қаерда бўлиши мумкин? Шу мавзуда ёшлар билан диспут ўтказишга киришдик.

Нафосат Тотлиева, Бухоро давлат университети талабаси:

— Ҳозир айнан ёшлар учун вақт — бўш! Яъни, таътил даври. Аммо ёшларнинг кўплари таътилни беҳудага сарфлашмоқда. Кечқурун нима қилиш, вақтичоғлиқ учун қаерга боришдан бошқасини ўйламаётган айримлар ҳам йўқ эмас. Тўғри, фойдали машғулотлар билан банд бўлаётганлар ҳам топилади. Аммо бу оз, изланувчан ёшлар сафининг кенгайиши замон талаби даражасида жадал эмас.


Беҳруз Набиев, Нотиқлик санъати бўйича эксперт, телебошловчи:

— Нега экан? Таътилда ҳам айрим ўқувчи, талабалар ёшлар ташкилотлари томонидан ўтказилаётган турли семинар ёки қизғин лойиҳаларда иштирок этишяпти. Кўпларининг олий даргоҳга ўқишга киришга тайёрланиш учун кутубхоналарда соатлаб қолиб кетишаётгани ҳам бор гап. Маълумотлар тўплашади. Ўқув-методик китоблар излаб, ахборот-ресурс марказлари хизматидан фойдаланадиганлар ҳам анча.


Наргиза Остонова, ўқув маркази услубшуноси:

— Тўғри, шундай ёшлар борки, улар ҳам ўқишади, ҳам ишлашади, бунинг устига дам олишга ва бошқа мақсадларини ҳам аниқ белгилаб олишга вақт ажратишади. Бироқ, ёшларнинг ўз мақсадларига эришишларида, жамиятда ўз ўринларини топиб кетишларида катталарнинг таъсири бўлмаса, ёшлар қийналиб қолишяпти.


Зарнигор Нафиддинова, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси матбуот котиби:

— Наргиза, катталарга «юк»ни ағдариш унчалик ҳам тўғри, деб ўйламайман. Ваҳоланки, танганинг иккинчи томонида ёшларнинг ўзи ҳам туришини унутмайлик. Аввало, ёшларга нима қизиқлигини билиб олиш керак. Вазиятни ўқитувчига ёки қайсидир маънода ёшлар ташкилотларига ағдариш билан масала ечим топмайди. Чунки, улар фақат йўл-йўриқ кўрсатади, холос. Йўлни танлаш эса ёшларнинг ўзидан.


Бекзод Неъматов, Журналистика ва Оммавий коммуникациялар университети талабаси:

— Гапингизни бўламан, менимча, қизиқиши бўлмаган ёшлар келажакдаги мақсадларини аниқ қилиб белгилаб олишмаган шахслардир. Албатта, бу шахсий фикрим. Бу эса уларда мақсаднинг йўқлигини англатади ва ўз-ўзидан эринчоқликни келтириб чиқаради. Ўз-ўзидан бўш вақтининг ошиб кетишига сабаб бўлади.


Лола Идиева, косметолог:

— Ёшлар ўз мақсадларига нисбатан эътиборсиз бўлмасликлари керак, фикрингизни уқдимми, Бекзоджон?!


Зулфизар Мавлонова, «Buxoro yoshlari» газетаси мухбири:

— Менинг бир танишим бор. Ақли етук, иқтидорли. Рассомликка жуда қизиқади. Аммо, кейинги пайтларда севимли машғулоти билан умуман шуғулланмай қўйган. Бўш вақтларини доим кўчаю клубларда ўтказади. Сабабини сўрасам, ўзининг бу иқтидори ва қизиқиши ортидан келажакда пул топа олмаслигига ишора қиляпти.


Халил Набиев, Когон шаҳридаги Амир Темур маҳалласи фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси:

— Демак, мана шундайларни, яъни иқтидори бору, аммо ўз қизиқишлари этагидан тутиб кетишга иккиланаётганларни атрофимизга жалб қилишимиз асосий вазифаларимиз сирасига киради. Раҳмат, Зулфизар!

Дилнавоз Тўхтаева, Бухоро давлат университети талабаси:

— Яхши фикр. Аммо, шу ўринда яна бир савол туғилади. Хўш, ташқи сабаблар-чи? Масалан, ён-атрофдаги таниш-билишларнинг таъсири-чи?

Беҳруз Набиев:

— Менимчаям, ташқи таъсирлар жуда кучли. Бир томондан, ёшларнинг кейинги пайтларда жуда кам китоб ўқиётгани, иккинчи томондан, Ғарбнинг таъсири: поп-мусиқа, турли шоу-дастурлар, ахборот технологияларнинг жадал ривожлангани ёшларнинг бўш вақтларини жиддий ишларга бағишлашлари учун тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ва бу ўз-ўзидан маънавий савия даражасига ҳам путур етказмай қўймайди.

Нафосат Тотлиева:

— Ҳозир биз иккита қарама-қарши жавобни кўряпмиз. Яъники, ёшларнинг айримлари ўз қизиқишидан келиб чиқиб, турли тўгарак ва ўқув курсларига қатнаётган бўлса, айримлари — ғирт бекорчилар, шунинг учун ҳам жамиятни бузадиган турли ҳолатларни келтириб чиқаришмоқда. Ва бу билан улар саводсизликларини ҳам кўрсатиб қўйишмоқда.

Рустам Раҳимбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

Ёшларнинг интернетдан керагидан ортиқ, ҳаддан зиёд кўп фойдаланаётгани уларнинг билим олишга қизиқишининг сўнишию, саводсизлиги ошишига сабаб бўлмоқда. Аксарият вақтини телефонга сарфлашмоқда. Ота-оналар ишга шўнғиган ёки эътиборсиз, кўплари фарзандининг кун давомида қандай ишлар билан бандлигини билишмаяпти.

Лола Идиева:

— Ёшларнинг бўш вақтларини маънавий жиҳатдан таъминлаш мақсадида анча ишлар қилинди Бироқ, кўплаб ёшлар ҳатто ўша дам олиш масканларида ҳам ижтимоий тармоқлардан бўшашмаяпти.

Ойдин Бозорова, Бухоро шаҳридаги 39-ИДУМ ўқитувчиси:

— Аммо, саводсизликнинг келиб чиқишини ҳар доим интернетга боғлайвериш ҳам унчалик тўғри эмас. Интернет ҳам бир бозорки, киши ундан фақат ўзи учун керакли нарсаларнигина олиши керак. Шу ўринда саводсизлик деган тушунчани тўғри қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Ваҳоланки, саводсиз ёшларнинг кўпайиб кетаётгани бор гап. Эсингизда бўлса, бир неча йил илгари кичик бир сўровнома ўтказилганди. Натижасига кўра, «Амир Темур — курашчи, «Имом Бухорийни билмайман», Чўлпон — қўшиқчи» деган жавоблар олинганди. Ёшларнинг бу саводини оддий ҳолат, деб қабул қилиш мумкинми? Барча шароит, имкониятлар яратиб бериляпти, аммо ёшлардаги интилиш, қизиқиш ортаётгани, негадир, кўзга ташланмаяпти. Балки, ҳамма нарса муҳайё этиб қўйилаётгани учун шундайдир?

Зулфизар Мавлонова:

— Йўқ, шароитлар қанча муҳайё қилинса, ёшларда интилиш шу қадар кучаяди. Ёшларнинг давр билан ҳамнафаслигини унутмайлик. Менимча, ёшларнинг иш билан тўлиқ қамраб олинмаётгани ҳам бунга туртки бўлаётгандек. Бундан ташқари, мактабни тугатгач, айрим ёшларнинг айни ўқиб-изланадиган даврининг икки-уч йили бекор ва назоратсиз қолиб кетаётгани бор гап. Ёшларнинг фикру хаёли фақат пул топиш керак деган ўй билан банд, бу уларни боши берк кўчага бошлаб қўймоқда.

Рустам Раҳимбоев:

— Саводсизлик, аслида бефарқлиқ ва дангасаликдан ҳам келиб чиқади. Дангасаликнинг меҳнатдаги, ўқишдаги кўриниши бор. Энг оғриқлиси, саводсизликнинг фикрлашдаги дангасаликдан келиб чиқишидир. Ўйлашга эриниш, атрофдаги воқеликларга бефарқлик бир кун ёки бир йилда пайдо бўлмайди. Йиллар давомидаги тарбия: оила, боғча, мактаб ва то шахс ўзини-ўзи тарбиялашни англагунигача давом этади. Ёшлар тарбияси ва болаларининг бўш вақти билан шуғулланишни оилада ота-она тўлиқ назоратга олиши, рағбатлантириши ҳам керак. Айниқса, меҳнаткашлик кўникмасини шакллантириши жуда муҳим. Кўпинча хато нарсани сезсак-да, кўз юмамиз. Узоқроқ ўйлашга, ечим топишга эринибми, натижасидан қўрқибми, биздан олдингилар такрорлаган хатони такрорлайверамиз. Қисқаси, ёшларда жасорат ва меҳнатсеварлик етишмаяпти.

Халил Набиев:

— Ёшларни саводсиз деб атайвериш фикрига унчалик қўшилмайман. Ҳамма замонларда ҳам ўз замонасининг олиму уламолари бўлгани сингари, билими саёз инсонлари ҳам бўлган. Аммо ҳозирги ўқувчиларнинг дарс тайёрламаслиги, дарсларда тинмай шовқин қилиб туриши қанчалик рост бўлганидек, уларнинг репетитор олдида товуш чиқармай ўтириши, сабоқларга ўз вақтида етиб бориши, топшириқларини сидқидилдан бажариш учун керак бўлса, кечаси билан ухламай дарс тайёрлаши шунчаки оддий ҳолатга айлангани ҳеч кимга сир эмас.

Бекзод Неъматов:

— Аммо, Халил, кўпчилик ёшлар учун бўш вақтларида бирор бир китоб ўқиш ёки ўз қизиқишлари билан шуғулланишдан кўра, турли нохуш ҳолатларни келтириб чиқарган шов-шувли хабарлару, миш-мишларни турли интернет тармоқларидан ўқиш қизиқроқ бўлиб боряпти.

Зарнигор Нафиддинова:

— Менимча, мактаб дарсликлари ва ўқув режаларидаги кераксиз, баъзида ўта чўзилиб кетган зерикарли мавзую маълумотлар ёшларимизни мактаб ва ўқитувчилардан зериктиряпти. Турли бебошликларга ундаяпти. Зеро, ҳозирги ёшлар тор дунёга сиғмайди, улар учун анчагина кенг ва қизиқарли, айни чоғда керакли маълумотлар жуда зарур. Хуллас, ниҳолнинг эгри ёки тўғри ўсиши, кўкариб-яшнаши ниҳолга эмас, аксинча, у ўсаётган тупроққа, жойга ва боғбонга боғлиқ. Дарахт жуда кўп ҳосил берсаю, мевасида маза бўлмаса, буғдой ерда бехато кўкарсаю бошоғи бўлмаса...

Ойдин Бозорова:

— Демак, атрофимизга турли соҳаларга қизиқувчи ёшларни янада жамул-жам этсак, уларнинг жисмонан ва ақлан камол топишида ҳисса қўшган бўламиз. Ёшлар ташкилоти шунчаки ёшлар маскани бўлиб қолмаслиги керак. Ва бу ёшларнинг қизиқишу салоҳиятларига қараб, бўш вақтларини ташкил этиш учун режалар тузишимиз лозим.

Вақт худди сувдек ўтади. Ёшлик — ғанимат. Вақт исрофи — гуноҳ. Айнан шуни тушуниб етмаганлар ёки ҳис қила олмаганлар ишсизлик, саводсизлик каби муаммоларга ўралашиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиганимиз, ёшларни маънавий баркамоллик сари етаклаб бориш учун янгидан-янги йўллар излаб топиш зарур. Ўшанда ҳар бир ёш ўзининг мақсади сари интилади, ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Шунга кўра, уларнинг бўш вақтдан унумли фойдалана олишлари қайсидир маънода янада жиддийроқ таъминланиши зарур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг